17:17 / 12.06.2015
2745

“Ташаббус-2015” ғолибларига “Spark” автомобиллари топширилди

2015 йил 11 июнь куни соат 18.00 да муҳташам “Туркистон” санъат саройида ўзбек эстрадаси юлдузлари иштирокида “Ташаббус-2015” ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда учта асосий ҳамда 14 нафар номинациялар бўйича иштирокчилар тақдирландилар. Учта асосий йўналишдаги биринчи ўрин соҳиблари Президентимизнинг олий соврини “Spark” автомашинаси билан тақдирландилар. Қолган номинациялар бўйича ғолиб бўлган иштирокчиларга пул мукофоти, махсус диплом ҳамда ҳомийларнинг махсус совғалар топширилди.

Республика босқичи лауреатлари, учта асосий йўналишлар бўйича - “Йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши фермери” ва “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” ва қўшимча “Энг яхши ёш тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Менинг юртим – менинг ифтихорим”, “Кекса тадбиркор – Ташаббус эъзозида”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Озиқ-овқат саноатидаги энг яхши йил тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши маҳсулоти”, “Энг яхши экспортчи”, “Энг масъулиятли ижтимоий шерик” номинациялари бўйича беллашдилар.

“Йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналиши бўйича Тошкент вилоятидаги “Takro Osiyo” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Камолиддин Ғиёсов ғолиб бўлди. У раҳбарлик қилаётган корхона мато тўқиш ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилиш билан шуғулланади.

Наманган вилоятилик Илёсжон Ботиров “Йилнинг энг яхши фермери” деб топилди. “Раис-Санг” кўп тармоқли фермер хўжалигида пахта ва ғалла, иссиқхона маҳсулотлари етиштирилади, чорвачилик билан шуғулланилади.

Хоразм вилоятилик Аллазар Саъдуллаев “Йилнинг энг яхши ҳунарманди”, деб эълон қилинди. Халқ ҳунарманди тарихий ёдгорликлар ва зиёратгоҳларни таъмирлаш бўйича ишлари билан машҳур.

“Ташаббус – 2015” кўрик-танлови ғолибларига Президентимиз соврини – “Spark” автомобиллари калити, иккинчи ва учинчи ўрин соҳибларига пул мукофотлари, махсус номинациялар совриндорларига қимматбаҳо совғалар топширилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов иштирок этди. 

Шунингдек, тақдирлаш маросимида юртимизнинг истеъдодли эстрада хонандалари ва сўз усталари ўзларининг чиқишлари билан ташриф буюрганларни хушнуд қилдилар.

Top