07:42 / 16.06.2015
1420

Непалдаги зилзила вақтида шикастланган ЮНЕСКО ёдгорликлари фаолияти тикланди

15 июнда Непал вайронкор зилзиладан жабр кўрган кўплаб диққатга сазовор жойларни қайта очди. Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар бермоқда. Маҳаллий ҳокимият мамлакатга хорижий сайёҳларни қайтаришга умид қилиб шундай қарор қабул қилди.

Непалда 25 апрель ва 12 май кунлари рўй берган зилзилалар оқибатида 8,7 минг кишидан кўпроқ одам ҳалок бўлди. Шунингдек, кўплаб иморатлар, жумладан қадимий ибодатхоналар, сарой ва сайёҳлар орасида оммавий бўлган диққатга сазовор жойлар шикастланди.

Зилзиладан кейин ёпиб қўйилган ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган 7та ёдгорликдан 6таси 15 июнда ўз ишини қайта бошлади. “Биз одамларни Непалнинг тикланишда ёрдам беришларини сўраб мамлакатга келишга чақирамиз”, деб айтди Непал туризм вазири Крипасур Шерпа.

Қайд этилишича, сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча чоралар қабул қилинган. Баъзи жойларда ташриф буюрувчиларга каскалар бериш режалаштирилмоқда.

Ҳар йили Непалга 800 мингдан кўпроқ хорижий сайёҳлар ташриф буюради. Мамлакат ҳукумати зилзилалардан кейин кўплаб сайёҳлар зилзила хавфидан қўрқиб, Непалга ташриф буюришдан воз кечишларидан хавотирланмоқда.

Top