11:58 / 18.06.2015
2831

Олимлар иммун тизими ишлашидаги ўзи хос хусусиятларни аниқлашди

Австралиянинг La Trobe University Мельбурн университетининг бир гуруҳ олимлари АҚШнинг Виржиния университети олимлари билан биргаликда секинлаштирилган суратга олиш учун мўлжалланган ноёб технология ёрдамида лейкоцитларнинг нобуд бўлиши жараёнини суратга олишди. Бу видео эвазига иммун тизимининг ишлаш хусусиятларини аниқлашга муваффақ бўлинди. Тадқиқот натижалари Nature Communications илмий журналида чоп этилди.
Лейкоцитлар қон таркибидаги оқ таначалар бўлиб, уларнинг асосий вазифаси ташқи ва ички патогент агентлардан (инсон организмига тушганда турли инфекциялар келтириб чиқариши мумкин бўлган микроорганизмлар) ҳимоя қилишдан иборат. Лейкоцитлар майда қон томирлари деворларидан ўтиб, ҳужайралараро бўшлиққа кира олишади ва у ерда ёт-бегона зарраларни ютиб, ҳазм қилиб юборишади.
Видеода қоннинг оқ таначалари ҳалок бўла туриб, иммун тизимига организмда инфекция борлиги ҳақида сигнал беришини кўриш мумкин. Олимлар биринчи марта лейкоцитлар ҳалок бўлишини видеога олишга муваффақ бўлишди. Бунгача олимлар ўлик ҳолдаги оқ қон таначалари билан ишлашган. Ҳозирги пайтгача улар тартибсиз ҳолда бўлиниб кетади, деб ҳисобланган. Ноёб видео уларнинг ҳалок бўлиши назорат қилинишини кўрсатди.
“Оқ қон таначалари ҳалок бўлишни бошлаганда уларда дастлаб катта лахталар пайдо бўлди, сўнгра бу лахталар ҳужайрани майда “мунчоқлар” шодаси кўринишида парчалаб юборади. Бу “мунчоқлардан” алоҳида иплар ҳосил бўлади. Ён-атрофдаги ҳужайралар бу майда бўлакларни осон ютиб юборишлари мумкин”, деб айтмоқда тажрибага бошчилик қилган биолог Жоржия Аткин-Смит.
Аткин-Смитнинг айтишича, бу видео батафсил ўрганилгандан кейин олимларда қуйидаги тахмин пайдо бўлди: бу “мунчоқлар” шундай молекулаларга эгаки, улар бошқа ҳужайрага тушгандан кейин бошқа қон таначаларига “Эҳтиёт бўлинг, инфекция яқинлашмоқда” деган огоҳлантирувчи сигнал беради.

Top