22:26 / 26.06.2015
4045

Ўзбекистон президенти Малайзия, Жазоир ва Ҳиндистоннинг янги элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 26 июнь куни Оқсаройда Малайзия, Жазоир Халқ Деморактик Республикаси, Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Дато Норайни бинти Абд Ҳамид, Носир Бушерит, Винод Кумардан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиздаги дипломатик ваколатхоналарнинг янги тайинланган раҳбарларини самимий қутлар экан, Ўзбекистон Малайзия, Жазоир ва Ҳиндистон билан ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришга алоҳида аҳамият бераётганини таъкидлади ва уларнинг шарафли ҳамда масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади.

Малайзия элчиси билан суҳбатда мамлакатларимизнинг сиёсий, савдо-иқтисодий соҳалардаги алоқалари, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантиришнинг истиқболлари муҳокама этилди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, Ўзбекистон – Малайзия институтлари фаолиятини ва ҳамкорлик механизмларини фаоллаштириш, қўшма иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишдан ҳар икки мамлакат ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Элчи Дато Норайни бинти Абд Ҳамид Малайзия ва Ўзбекистон ҳамкорлигини ўзаро манфаатли асосда янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашни ўзининг асосий вазифаси, деб билишини таъкидлади.

Ўзбекистон президенти Жазоир элчиси билан суҳбати давомида ушбу мамлакат Ўзбекистоннинг Шимолий Африкадаги энг муҳим ташқи сиёсий шериклардан бири эканлиги таъкидлаб ўтди.

Суҳбат чоғида мамлакатларимиз ўзаро манфаатли савдони ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтириш учун катта салоҳиятга эга экани қайд этилди.

Жазоир элчиси икки мамлакат халқларини тарихий, маданий ва маънавий алоқалар боғлаб туришини таъкидлади ва давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга муносиб хизмат қилишни ўзи учун улкан шараф, деб билишини қайд этди.

Ҳиндистон элчиси билан учрашув чоғида Ўзбекистонда Ҳиндистонни нафақат қадимий тамаддун бешикларидан бири, балки жадал ривожланиб бораётган ва минтақавий ҳамда халқаро муносабатларда муҳим ўрин тутадиган мамлакат сифатида яхши билишлари таъкидлаб ўтилди.

Давлатларимиз ўртасидаги алоқалар олий даражадаги доимий сиёсий мулоқотлар асосида изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон Президентининг 2011 йилнинг май ойида Ҳиндистонга давлат ташрифи ва ушбу ташриф чоғида бўлиб ўтган самарали музокаралар ўзаро серқирра ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини берди.

Ҳиндистон элчиси мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш учун бутун куч-ғайрати ва тажрибасини ишга солишини таъкидлади.

Манба: УзА

Top