17:49 / 04.07.2015
12800

Ўзбек чегарачилари тожикистонлик чегара бузувчиларга қонуний асосда ўқ узгани маълум қилинди

Ўзбекистон МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси Тожикистон билан чегарада ўқ узилишида инсон ҳуқуқларига риоя қилинмагани ҳақидаги фикрларга нисбатан расмий муносабат билдирди. Бу ҳақда 12news.uz хабар берди.
 
"Ўзбекистон МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати маълум қиладики, баъзи интернет сайтларида ёзилганидек 25 июнь куни Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида тожикистонлик чегара бузувчиларнинг қўлга олинишида инсон ҳуқуқларига зид равишда ҳаракат қилинмаган. Улар қўшни давлат ҳудудига мол боқиш учун ўтишга ҳақли бўлишмаган", дейилади хабарда.
 
Матбуот хизмати хабарида таъкидланишича, ўша вазиятда чегара бузувчилар қорамол боқиб юриб, қўшни давлат ҳудудига ўтишган, чегарачилар эса Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида иш тутишган.
 
Эслатиб ўтамиз, 25 июнь куни Ўзбекистон чегарачилари икки нафар Тожикистон фуқаросини қўлга олганди. Воқеа Фарғона вилояти, Бешариқ тумани, Андархон қишлоғида содир бўлган.

МХХ Давлат чегарасини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизматида маълум қилинишича, қўлга олиш жараёнида тожикистонликлар чегара нарядига қаршилик кўрсатган.

“Хавфсизликни таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарларни қўлга олиш мақсадида ҳавога огоҳлантирувчи ўқ отилди. Натижада Тожикистоннинг Сўғд вилояти Конибодом тумани Яккатерак қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, 1985 йили туғилган Т. Усмонов сонидан жароҳат олди”, – дейилади хабарномада.

Усмонов Бешариқ марказий туман шифохонасига ўрта оғир аҳволда ётқизилган. Иккинчи ҳуқуқбузар – ўша туманнинг Патар қишлоғида 1991 йили туғилган Х. Қобилов эса қамоққа олинган.

Top