18:13 / 04.07.2015
10546

Узун тўй кортежларини қисқартиришга чақирилди

Тошкент шаҳри ҳокимиятининг расмий нашри бўлмиш «Тошкент оқшоми»нинг шу йил 5 июнь сонида берилган «Дабдабали машиналарда туй сайлини утказиш бахт белгисими?» мақоласида тўй-ҳашам, маърака-маросимлар, жумладан, никоҳ тўйларидаги дабдабабозлик, сохта обрў орттириш ва шунга ўхшаш бир қанча нохуш ҳолатлар, бу борадаги кўп иллатлар танқид остига олинган.

Мақола муаллифлари никоҳ тўйи учун сўнгги русумдаги қимматбаҳо автомобилларни кимўзарга буюртма қилиш, автомобиллар карвони билан шаҳар кўчаларини тўлдириб юриш, ана шу уюшган сайр лавҳалари асосида видеороликлар ишлаш ва сохта обрў тўплаш учун мазкур видеолавҳаларни ўз саҳифалари орқали ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ҳолатлари тобора одат тусига кириб бораётганига эътиборни қаратишган.

"Айрим ёшлар видеолавҳаларни ижтимоий тармоққа жойлаштириб, тенгдошлари ўртасида носоғлом муҳитнинг шаклланишига сабабчи бўлмоқда. Чунки мазкур видеолавҳаларни кўрган ёшларимизда: «Мен тўйимни бундан ҳам зўр ўтказаман, бундан-да яхши видеоролик тайёрлатиб, ҳаммани лол қолдираман», – деган ноўрин ният пайдо бўлмоқда. Баъзи ҳолларда ота-оналар фарзандининг кўнглига қараб, тўй маросимларини ўтказишда катта молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда", деб ёзилади мақолада.

Газета таҳририяти томонидан никоҳ маросимларида автомобилларнинг нечоғлик аҳамият касб этиши ва бу борада ота-оналар, никоҳ ёшидаги йигит-қизлар фикрларини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган йигит-қизлар ўртасида ижтимоий тадқиқотлар ўтказилган.

Ушбу ижтимоий сўровларда иштирок этган йигитларнинг аксарияти никоҳ тўйига чет эл автомобилларини буюртма қилиш ниятида эканлигини билдиришган. 20 фоиз бўлғуси куёвлар никоҳ тўйи маросимида автомобиль карвонидаги машиналар сони 10дан ортиқ, 70 фоизи 4тадан 10тагача бўлиши, 10 фоизи 2тадан ошмаслигини кўрсатиб ўтишган.

Ижтимоий сўровларда йигитлар ўзлари учун маъқул бўлаётган автомобиллар русумларини ҳам белгилашган. Булар – Rolls-Royce Phantom, Mercedes-Benz W222, W221, W221 Pullman, BMW Z4, Porsche Panamera, Pontiac Sosticeлардир. Номлари қайд қилинган автомобилларнинг хизмат кўрсатиш нархлари ўрганилганда 2 миллион сўмдан 6 миллион сўмгача эканлиги аниқланган. Тўй маросимлари учун мўлжалланган автомашиналар хизмати учун ҳақ тўлаш нархлари никоҳ ёшидаги йигитларнинг 70 фоизига иқтисодий қийинчиликлар туғдиришини, қолган 30 фоизи буни ота-оналари тўлаб беришини билдиришган.

"Бугунги кунда Ўзбекистонимизда барча замонавий талабларга жавоб берувчи автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Лекин нима учун айрим ёшларимиз тўй сайрларида хорижда чиққан машиналарда юришни исташади?", дейишади мақола муаллифлари.

Ёш оила қурувчиларнинг тўй маросимини ўтказишда нечоғлик оилавий шарт-шароитларни ҳисобга олиши ўрганилганда, иштирокчиларнинг 35 фоизигина оилавий шароитлардан келиб чиққан ҳолда никоҳ тўйига автомобиль буюртма қилишини, 65 фоизи ўз хоҳиш-истаклари устунлигини таъкидлаб ўтишган.

Ота-оналарнинг 85 фоизи тўйларда хизмат кўрсатаётган автомобилларнинг нархлари уларни қониқтирмаслиги ва аҳоли турли қатламларининг иқтисодий даромадлари ҳисобга олинмасдан белгиланаётгани юзасидан ўз эътирозларини билдиришган. Шунингдек, Ўзбекистонимизда ишлаб чиқарилган автомобиллардан фойдаланишнинг ҳар томонлама қулайлиги ота-оналар томонидан эътироф этилган.

Бундан ташқари, сўровлар даврида хориж автомобиллари учун тўловларнинг ноқонуний равишда чет эл валютасида тўланиши шарт қилиб қўйилаётгани ойлик маошини миллий валюта ва пластик карточкалар орқали оладиган аксарият ота-оналар учун катта қийинчилик туғдираётгани аниқланган. Сўров иштирокчиларининг 85 фоизи ушбу хизмат турларини кўрсатувчи жисмоний шахслар фаолиятини ноқонуний фаолият деб билишини, хизматлар лицензияга эга эмаслигини кўрсатиб ўтган.

Ўтказилган ижтимоий сўровлар якунларига кўра, тўй маросимида чет эл автомобилидан фойдаланишга асосан, йигитлар иштиёқманд бўлиб, улар учун бундай автомобиллар хизматидан фойдаланиш сохта обрў орттириш воситасига айлангани маълум бўлган. Улар томонидан ота-оналарга турли талабларнинг қўйилиши, иқтисодий қийинчиликлар билан бирга, кўплаб келишмовчиликларга ҳам сабаб бўлмоқда.

"Аввало, автомобиллар орқали хизмат кўрсатувчи шахслар фаолиятини қонуний тартибда йўлга қўйиш, нархларни камайтириш ва назорат қилиш, хизматлар учун тўловни миллий валютада нақд ёки пластик карточкалар орқали амалга оширишни жорий этиш, шунингдек, тўй маросимларидаги автомобиллар сонини камайтириш, тегишли ташкилотлар томонидан никоҳ ёшидаги ёшларга, айниқса, йигитларга тўйларни ихчам ва камхарж ўтказиш бўйича атрофлича тушунтириш ишларини олиб бориш, мазкур масалани кенг жамоатчилик иштирокида телерадиоканаллар орқали ёритиш, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида мавзу юзасидан мунтазам мақолалар бериб бориш ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади", дейилади мақолада.

Мақола сўнггида муаллифлар барчада бу муаммога жиддий эътибор беришни сўрайди ва бошқа ОАВларга шу мавзуга қайта-қайта мурожаат қилишни тавсия қилади.

"Ёшларимиз бахти — «дабдабали тўй» гирдобига ўралиб қолмасин", дейилади сўнгги сўз ўрнида.

Top