10:23 / 04.07.2015
3147

Япония Меконг ҳавзасидаги давлатлар иқтисоди ривожланиши учун 6,1 млрд доллар ёрдам ажратади

Япония кейинги 3 йил давомида Меконг дарёси ҳавзасида жойлашган Вьетнам, Лаос, Камбожа, Мьянма ва Таиланд давлатларининг иқтисодий ривожланиши учун 750 млрд иен (6,1 млрд доллар) маблағ ажратади. Бу ҳақда Токиода бўлиб ўтган "Япония-Меконг" саммити вақтида японлар бош вазири Синдзо Абэ маълум қилган.

Саммит қатнашчилари 3 йиллик ривожланиш дастурини тасдиқлашган. Унга кўра Меконг ҳавзасидаги давлатларда инфраструктуралар яратиш орқали иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришиш кўзда тутилган.

"Бу ҳудуддаги тинчлик ва барқарорлик ҳамда сув ва қуруқликдаги транспорт тизими ривожланганлиги Япония учун муҳимдир", дейди Синдзо Абэ.

Kyodo агентлигида ёзилишича, Япония охирги вақтларда Хитойнинг Жанубий Хитой денгизи ҳудудида фаоллашганидан хавотирланмоқда.

Токиода бўлиб ўтган саммитда Мьянма президенти Тейн Сейн, Камбожа бош вазири Хун Сен, Лаос бош вазири Тхонсинг Тхаммавонг, Таиланд бош вазири Прают Чан-Оча ҳамда Вьетнам ҳукумати раҳбари Нгуэн Тан Зунг иштирок этишган.

Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (ACEAN) аъзолари бўлган бу давлатларда умумий ҳисобда 300 млн нафардан ортиқ киши яшайди. Бу ҳудудга юқорида кўрсатилган беш давлатдан ташқари Хитойнинг Юньань вилоятининг катта қисми ҳам киради. Шу туфайли Хитой бу ҳудудда ўз таъсир доирасини кенгайтиришга ҳаракат қилиши тахмин қилинмоқда.

Top