21:35 / 06.07.2015
7097

Нурсултон Назарбоев Қирғизистон президенти ва Туркиянинг собиқ президенти билан Остонадаги лазер шоуга ташриф буюришди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Остонада бўлиб ўтаётган I замонавий санъат ва технологиялар фестивали Astana Art Fest ва мультимедиали лазер-пиротехник шоуга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда Назарбоев матбуот хизмати.

“Қозоғистон президенти EXPO-2017 кўргазмасининг ғоясини акс эттирувчи Остонадаги Astana Art Fest фестивали тематик ҳудудлари: “Олов энергияси”, “Сув энергияси” ва “Ҳаво энергияси”ни кўзда кечирди”, деб айтилмоқда хабарда.

Қайд этилишича, фестивалда Франция, Германия, Нидерландия, Италия, Испания, АҚШ, Россия ва Қозоғистоннинг инновацион инсталляциялари намойиш этилмоқда. Бундан ташқари, фвестивалда болалар ижодиёти мастер-класслари, келажак энергияси салоҳияти ҳақида сўзловчи кўча театр томошалари ва ўқув семинарлари ташкил этилган.

Назарбоев Қирғизистон президенти Олмосбек Атамбоев ва Туркиянинг собиқ президенти Абдулла Гул билан лазер-пиротехник шоуга ташриф буюрди.

Есил дарёсида ўрнатилган саҳна майдончасида хореографик саҳналаштиришлар, қозоқ миллий мусиқаси ва мумтоз композицияларни замонавий кўринишда ижро этган симфоник оркестр чиқиши бўлиб ўтди.

Шоу давомида сув юзасидаги экранда Остона шаҳри куни билан шаҳарга турли тилларда билдирилган табрикномалар акс эттирилди, сув аркалари ва фавволарда янги ёруғлик-лазер технологиялари ёрдамида Остонанинг таниш қиёфалари тасвирланди.

Top