10:53 / 10.07.2015
8267

Пентагон Қуруқлик қўшинларидан 40 минг нафар хизматчи ишдан бўшатилиши ҳақидаги маълумотни тасдиқлади

Пентагон матбуот хизмати бироз олдинроқ ОАВда яқин йиллар ичида Қуруқлик қўшинлари пиёда аскарлари сони 490 минг нафардан 450 минг нафаргача туширилиши ҳақида тарқалган хабарни тасдиқлади.

АҚШ Мудофаа вазирлигида аниқлик киритилишича, бу жараён 2016-2017 йилги Молия йили доирасида амалга оширилиб, 2018 йилнинг сентябригача тугалланади. Бундан ташқари бу давр мобайнида Мудофаа вазирлиги фуқаролик хизматидаги 17 минг нафар ходимни ишдан бўшатади.

Ходимлар бўйича бундай ислоҳот АҚШнинг ичкаридаги ва ташқаридаги барча базаларига тааллуқли бўлади.

Маълум қилинишича, 2017 йилнинг охиригача ҳарбий бригадалар сони 45тадан 30тагача туширилади. Вазирликда аниқлик киритилишича, Аляскага жойлаштирилган "Эльмендорф-Ричардсон" базасидаги 3-ҳарбий бригада, 3-пиёдалар дивизияси, 4-ҳаво-десант ҳарбий гуруҳи, 24-пиёдалар дивизиясидаги ходимлар сони 4 баробарга камайтирилиб, ҳар бир бўлинмада 4000 нафардан 1050 нафари қолдирилади.

Шунингдек, баъзи бўлинмалар бошқалари билан бирлаштириб юборилади. Хусусан, 2-бригаданинг мутахассислиги ўзгартирилиб, 25-дивизия таркибига ўтказилади. Бу бўлинмадаги ҳарбий техникалар АҚШ Миллий гвардияси ихтиёрига берилади.

Бироз олдинроқ, USA Today нашрида Ироқ ва Афғонистондаги уруш вақтида қуруқлик қўшинлари аскарлари сони 570 минг нафардан ошиқ бўлгани ҳақида хабар қилинганди. Хориждаги аскарлар ватанга қайтиши биланоқ кенг кўламдаги қисқартиришлар бошланиши айтилган.

Top