20:24 / 10.07.2015
17678

Хайрия ишларига 32 млрд доллар ажратган саудиялик шаҳзоданинг ҳаётига оид баъзи қизиқ маълумотлар

Саудиялик шаҳзода ал-Волид бин Талал Билл ва Мелинда Гейтслардан ўрнак олиб 32 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги бойлигини ҳайрия қилишини маълум қилган. Шаҳзода воситаларнинг катта қисми офатлар оқибатлари ва аёллар ҳуқуқлари учун курашаётган ҳайрия ташкилотларига ажратилишини билдирган. Фарзандлари отасининг қарорини қўллаб-қувватладилар. Шаҳзоданинг активлари бир неча йил мобайнида ҳайрия ташкилотларига тарқатилади. Шаҳзоданинг Alwaleed Foundation ҳайрия фонди тарқатишни бир неча йил давомида амалга оширади. Аввалроқ ал-Волид бин Талал жами 3,5 миллиард АҚШ долларини ҳайрия сифатида ўтказиб берган (“Kingdom Holding Сompany”нинг сайтида келтирилган маълумотларга кўра).

Ал-Волиднинг фаҳрланишга сабаб бўладиган ушбу қарорини Билл Гейтс Twitter да алоҳида таъкидлаб ўтган. Бу ҳолат Яқин Шарқда миллиардернинг илк маротаба ўз бойлигидан оммавий тарзда воз кечиши эканлиги Chatham House номли Британия таҳлил маркази ходими Жейн Киннинмонт томонидан эътироф этилган. Бироқ бойликнинг қайси қисми шаҳзоданинг мулки экани аниқ эмас: ал-Волид бин Талалнинг кўплаб активлари оммага маълум қилинмаган.

“Мен хатоларга йўл қўймайман, - дейди ал-Волид бин Талал ўзининг 2013 йилда Vanity Fair” га берган интервьюсида. – Хато қилсангиз, 10 миллион, 50 миллион ва 100 миллион АҚШ долларини йўқотасиз, бироқ 200 миллион, 500 миллион ёки 1 миллиардни йўқотсангиз бу хато эмас, ҳисоб-китоб қилишга нўноқлик деб аталади. Ҳа, албатта мен ҳам йўқотишларга йўл қўйганман, бироқ хулоса чиқариб, уларни яна ва яна такрорламайман”.
“Time” журнали Ал-Волид бин Талалга арабистонлик Уоррен Баффет номини берган. У Forbes миллиардерлар рўйхатида 34-ўринни эгаллаб турибди, унинг бойлиги 2015 йилнинг июнь ойи бошида 27,5 миллард АҚШ доллари миқдорида баҳоланган.

ОАВнинг кўпчилиги уни Яқин Шарқдаги энг бой кишилардан бири деб ҳисоблайди, чунки Яқин Шарқда маълумотни тарқатиш, уни очиқ манбалар орқали тасдиқлаш ёки рад этиш имконсиз. BusinessWeek ал-Волид бин Талал дунёнинг энг машҳур бизнесменига айланиши мумкин деб ёзади.

Ҳашамат ишқибози

60 ёшли ал-Волид бин Талал бойлигини доимо кўз-кўз қилишни ёқтирар эди. 2009 йилда Ар-Риёддаги 420 хонали саройини намойиш қилиш мақсадида Forbes мухбирини бир ҳафтага меҳмонга таклиф қилган. У журнал рейтингни тузишда бойлиги ҳажмини ҳисобга олиши учун яхши таассурот қолдиришни истагани аниқ. Бироқ унинг сўзларига қараганда журналистлар шаҳзоданинг бойлиги ҳажмини тўғри баҳолай олишмаган ва 2013 йилда журнал томонидан кўрсатилган 20 миллиард АҚШ долларлик бойлик ҳақиқатга мувофиқ эмаслигини билдириб, у Forbesни судга берган. Ўшанда Forbes энг бой одамлар рейтингида уни 26-ўринга қўйган.

Ал-Волид бин Талал ўзига-ўзи зид келувчи шахс. Баъзилар унинг овозини Саудия Арабистони қарор қабул қилиш тизимида муҳим деб ҳисоблашса, бошқалар у оддийгина омма ёқимтойи ва кечалар ишқибози деган фикрни илгари сурадилар. Бошқа фикр эгалари эса уни истеъдодли ва машҳур бизнесмен, яхши дўст ва ишончли ҳамкор сифатида эътироф этишади. Улар ягона фикрда тўқнашади – шаҳзода жуда ғайратли ва сабрли инсон бўлиб, ўзи истаган нарсага эриша олади.

У ўз маслаҳатчилари билан кўп соатли мажлислар ўтказиб, унда юзага келган саволларга батафсил жавобни талаб қилади. Ар-Риёддаги офисида меҳнаткаш ва яхши билимга эга бўлган инсонлардан жамоа тузиб олган.

У фаҳрланиши мумкин бўлган предметлар орасида – Жеймс Бонд ҳақидаги фильм эпизодлари суратга олинган 280 футли яхта, шунингдек ер майдонлари ва самолетлар мавжуд. Унинг буюртмасига кўра, 2012 йилда қиймати 485 миллион АҚШ долларини ташкил қилувчи Airbus 380 самолетининг эксклюзив шакли тайёрланган ва у “учувчи сарой” номига сазовор бўлган. Уч қаватли лайнерда конференция ва банкет заллари, беш хонали қирол хоналари, автоматик тарзда Макка йўналишини топадиган виртуал жойнамоз билан жиҳозланган дуо қилиш хонаси, шунингдек Rolls-Royce автомобили жойлашган пастки қаватдаги гаражга олиб борадиган махсус лифт мавжуд, деб ёзади Arabian Business.

Ноодатий шахс

Кўпчилик ал-Волид бин Талални янги Саудия Арабистонининг юзи деб ҳисоблайди. Ташқи жиҳатдан у бошқа шаҳзодаларга қараганда анчагина фарқ қилади. У омма орасида миллий кийимда эмас, ишбилармон кишилар костюми ва қора кўз ойнакда пайдо бўлади. Кундалик истеъмол этиладиган калорияни кузатиш ҳам жуда қизиқ, у 1100 дан ортиқни ташкил қилмайди. Ва аёллар эмансипацияси (эркинлиги)нинг фаол тарафдори. Саудия Арабистонида аёлларга автомобилни бошқариш ман этилади. У барча анъаналарга зид равишда Саудия Арабистони тарихида илк маротаба самолет штурвалига аёл кишини ўтказди – шахсий жетини бошқариш учун аёл учувчини ишга олди.

Унинг медиа компанияларидан бири режиссери аёл киши бўлган Wadjda – биринчи тўлиқ метражли фильмни молиялаштирган. Бу фильм Каннда намойиш этилган. Бироқ баъзилар аёллар ҳуқуқлари учун курашиш Ғарб кўзи олдида юқори баҳога эга бўлиш учун амалга оширилишини айтишган.

Шаҳзоданинг ижтимоий ва сиёсий мавқеи баланд, дея таъкидлайди Chatham Houseдан Киннинмонт. Унинг ёзув дафтарида кўплаб давлатларнинг биринчи шахслари, компания ва поп-юлдузларининг телефон рақамлари мавжуд. Маълумки, 2012 йилда Николя Саркози президент сайловида мағлуб бўлганида у биринчи бўлиб Карла Брунига sms юборган.

У баланд сиёсий ва иқтисодий баённомалари билан ҳам машҳур. Саудия монархияси ислоҳ этилиши кераклиги ва сланц инқилоби нефт қазиб олиш мавқеини тубдан ўзгартириб юборишга қодирлиги ҳақида гапирган. Нефть ҳеч қачон баррели учун 100 АҚШ доллари бўлган қийматга қайтмайди: у бу нарҳ сунъий ва нотўғри бўлганилигини таъкидлайди. Саудия Арабистонининг ўтган йили нефт қазиб олишни камайтирмаслик тўғрисидаги қарорини у ақл билан ўйланган ва айёр деб атаган: агар Ар-Риёд шундай йўл тутса, ўзга мамлакатлар ҳисобига ўз улушидан маҳрум бўлар эди.

Унинг баъзи фикрлари инсонни лол қолдиради. Улар орасида Яманда шия хуситларига қарши кураш олиб боришда иштирок этган ҳар бир учувчига Bentley олиб бериш тўғрисидаги ваъда ҳам бор. “Юзлаб саудиялик учувчиларга ўз миннатдорчилигимни билдириш учун мен уларга 100 та Bentley автомобилини ҳадя этишдан беҳад хурсанд бўлар эдим”, - деб ёзади у Twitterда. Кейинроқ ушбу пост ўчириб ташланган, бироқ International Business Times нашриёти скриншот қилишга улгуриб, уни нашр этган. Нашриёт берган маълумотларга қараганда, шаҳзоданинг ваъдаси ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги, биринчи навбатда деярли бир ой давом этган бомбардимонларда уйлари вайрона остида қолган, яқинларидан жудо бўлган яманликларнинг жаҳлини чиқарган. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотларга кўра, Яманда 1080 киши ўлган, 4000 дан ортиғи азият чеккан. Бир неча блогерлар миллиардернинг ҳарбийларни моддий мукофотлар эвазига ҳарбий ҳаракатларга рағбатлантириш мақсадидан жумбушга келганлар.

Баъзида у сиёсий мейнстрим (асосий оқим)га ҳам қарши бўлган. Мисол учун, News Corpнинг асосий акциядорига ёрдам берган. Аниқроғи Руперт Мердокка оғир дамларда кўмак кўрсатган. Ал-Валид 2011-2012 йиллардаги Буюк Британияда ноқонуний тарзда телефон қўнғироқларини эшитиш билан боғлиқ жанжалларда Мердокни қўллаб-қувватлаш учун ўзининг News Corp даги улушидан фойдаланган. Kingdom Holding Company (KHC) берган маълумотларга кўра, компания 2014 йил мобайнида пакетни режали асосда сотиб юборган. АҚШ Адлия вазирлиги натижада News Corp ва 21st Century Foxга қарши ноқонуний корпоратив амалиётга қарши айбловни билдиришдан воз кечди. Бироқ шу йилнинг февралида News Corp даги 188 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 6,6 фоиз улушини сотиб, шаҳзода катта сиёсий активидан қутилди.

Бизнесда араб шаҳзодаси учун чегара йўқ. Four Seasons Hotels да ҳамкорлари орасида Билл Гейтс ва Four Seasons Hotels асосчиси Айседор Шарп ҳам бор. Ўзининг “Ҳаёт қоидалари” китобида Шарп ёрқин эпизодни ёдга олади: ал-Волиднинг ёнига музокаралар учун қандай қилиб учиб келгани ва унинг улкан яхтаси олдида ўйланиб қолганини мана шундай эслайди: мен - камбағал яҳудий иммигрантнинг ўғли, у – қирол авлодидан, асрлар давомида аждодларимиз ўзаро уруш олиб боришган, у мендан анча ёш, бироқ эндиликда биз ҳамкорга айланишимиз мумкин.

Шарпга Four Seasons Hotels даги 5 фоиз тегишли бўлиб, қолганини бошқа икки ҳамкор – Гейтс ва ал-Волид ўзаро тақсимлашган.

Бечора шаҳзоданинг бойлиги тилсими

Ал-Волид бин Талал – Саудия Арабистони асосчиси Абдул-Азиз бин Сауднинг набираси ва ҳозирги қирол Салмоннинг жияни. Ал-Саудлар авлоди 1000 дан ортиқ шаҳзода ва маликаларни ташкил этади. 1932 йилдан бери сулола тахтда, ал-Волид бин Талал сулоладаги энг машҳур шахс ҳисобланади.

У 1955 йилда Ар-Риёдда туғилган, отаси Саудия Арабистони шаҳзодаларидан бири ва мамлакат молия вазири бўлган, онаси – Ливан бош вазирининг қизи. Ота-она фарзанди уч ёшга тўлганида ажрашиб кетишган. 11 ёшига қадар у Бейрутда яшаган, АҚШда таълим олган. 1979 йилда у Менло бизнес мактабининг иш юритувчи йўналишини бакалаврлик даражаси билан (Калифорния) тамомлаган. 1985 йилда Нью-Йоркдаги Сиракуз университети социология йўналишида магистрлик даражасини қўлга киритган.

Фарзандлари ва собиқ рафиқалари

Ал-Волид бин Талал икки маротаба уйланган (КНС сайтидаги маълумотларга кўра). Бироқ ал-Волид бин Талал ўз интервьюсида 4 та рафиқага эга бўлганини айтиб ўтган: дастлабки уч никоҳ муваффақиятсиз бўлган, бироқ собиқ рафиқалари ҳамда фарзандлари билан муносабатларини давом эттириб келмоқда. Тўртинчи рафиқаси малика Амира билан мактаб газетасига интервью олаётган пайтида танишган. У ўша вақтда у 18 ёшда эди. Уларнинг ёши орасидаги фарқ 30 ёш. У билан ҳам 2013 йилда ажрашган. Ўша вақтдан бери уйланишни тўхтатган.

Ал-Волид бин Талал ўзи шу натижага эришганлигини таъкидлайди: отаси унга фақат уй ва ўқишига 30 минг АҚШ доллари ажратган ва яна кредит кўринишида 300 минг АҚШ доллари берган. Шаҳзода ҳеч қачон қандай қилиб бойиб кетишга муваффақ бўлганини айтмайди. У истеъдодли фонд инвестори бўлмаган, Business Insider унинг кўплаб муваффақиятли сармоялари кўчмас мулк ва сиёсатдаги битимлари билан боғлиқ дея ёзади.

Унинг компанияси сайтида ёзилишича, шаҳзода 31 ёшида машҳур меҳмонхона бинолари ва акцияларини сотиб олиб миллиардерга айланган, ҳозирда КНС Apple, Twitter, Citigroup, Canary Wharf, Time Warner компанияларининг акциялари пакети, George V, Savoy, Four Seasons ва Mоvenpick меҳмонхоналарида улушга эга. Унинг компанияси капитализацияси 19,8 миллиард АҚШ долларни ташкил қилади.

Ўз активларининг бир қисмини шаҳзода айнан КНС орқали назорат қилади. Активларининг бир қисми бевосита унга тегишли. Шаҳзода уларни “шахсий инвестиция” деб атайди.

Бизнес-манфаатлар

Илк комапаниясига шаҳзода 1980 йилда 25 ёшида асос солган. Дастлаб у Kingdom Establishment for Commerce & Trade деб аталган, кейинчалик 1996 йилда Kingdom Holding Сompany дея қайта номланган. Ташкил этилган вақтидан бошлаб, шаҳзода асосий инвестицияларини КНС орқали амалга оширади. Компания доимий равишда ўз фаолиятини кенгайтириб борган ва аста-секин саноат соҳасини танлай бошлаган. У 2006 йилда оммага маълум қилинган, акцияларининг бир қисмини сотиш эвазига шаҳзода 400 миллион АҚШ долларига эга бўлган.

КНСдаги илк инвестициялар кўчмас мулк ва банк соҳасидаги активларга киритилган. Уларнинг барчаси даромад олиб келди дейилади компания сайтида. Шаҳзоданинг илк оммавий инвестицияси Citigroup 4,7 фоиз акцияларининг 1991 йилда сотиб олиниши бўлган, ўша вақтда банк инқирозни бошдан кечираётган эди. Сitigroup инқироздан чиқиб, яна даромадга эга бўлгач, банк бошқаруви шаҳзодага 590 миллион АҚШ доллари сарф этиб, Сitigroupдаги улушини оширишни таклиф қилди.

1987 йилда шаҳзода медиа бозорга қизиқиш билдириб, кўп тармоқли Rotana Entertainment компаниясига асос солди, унинг таркиби эса кинокомпания, теле ва радио каналлар, босма нашриётлар ва овоз ёзиш студияларидан ташкил топди.

1988 йилда у United Saudi Commercial Bank назорат улушини сотиб олиш ҳисобига активларнинг банк портфелини кенгайтирди.

1994 йилда меҳмонхона бизнесига қизиқиш билдирди: КНС Fairmont Hotels нинг 50 фоизи ва Four Seasons Hotels нинг 22 фоизини сотиб олди. Ўша йилнинг ўзидаёқ шаҳзода 345 миллион доллар эвазига Париж Диснейлендининг 24 фоизини харид қилган.

Kingdom Holding Company

Инвестицион компания

Акционерлар (Bloomberg 5.07.2015 даги маълумотлари): шаҳзода Ал-Волид бин Талал бин Абдулазиз ал-Сауд (95%), 5% эркин айланмада. Капитализация – $19,8 млрд (8.07.2015 даги маълумотлар). Молиявий кўрсаткичлар (2014 й.): фойда – 2,1 миллиард риял (567,5 АҚШ доллари), соф фойда – 869,1 миллион риал (231,7 миллион АҚШ доллари). Компания Fairmont Hotels & Resorts (50%), Four Seasons Hotels & Resorts (22%), Disneyland Paris (24%), шунингдек Париждаги George V Лондондаги Savoy меҳмонхоналарида ўз улушига эга. Ар-Риёд ва Жиддадаги лойиҳаларга сармоя киритади (элита учун турар-жой бинолари, савдо маркази ва касалхона), молиявий корпорациялар (Citigroup), авиация (NAS Saudi Arabia), нефт кимё ишлаб чиқариш (TASNEE), медиа (Time Warner, Saudi Research & Marketing Group), ижтимоий тармоқлар (Twitter), қишлоқ хўжалиги (Kingdom Agricultural Development Company).

Four Seasons Hotels асосчиси Айседор Шарпнинг 2013 йилда “Ведомостям” га берган интервьюсида ал-Волид тўғрисида шундай дейди: “Менинг бизнес-ҳамкорим ал-Волид энг яқин дўстларимдан бирига айланган, Ар-Риёдга ташриф буюрганимда у мени яхши кутиб олади. Торонтодаги янги Four Seasons ал-Волид эски меҳмонхона биносини сотиб олгани туфайли яратилди, бу бизга янги бино қуришга имкон яратди ва у меҳмонхонанинг янги биноси эгасига айланди. Бизнесни эндигина бошлаганимизда у мендан сўради: “Ҳамкорликнинг қайси турига умид боғлаяпсиз? Мен жавоб бердим: “Шерикликка”. “Йўқ, - деди у. – Бу шерикликдан ҳам яқинроқ ҳамкорлик, альянс бўлади”. Ва у буни амалий жиҳатдан исботлади”.

1995 йилда шаҳзода янги Лондон шаҳри Canary Wharfнинг қурилишига сармоя киритди (инвестиция ҳажми эълон қилинмаган). 1998 йилда КНС Ар-Риёддаги янги “Шоҳона шаҳар” лойиҳаси - элита учун мўлжалланган турар-жой, савдо ва офис комплекси билан шуғулланишни бошлади. Қурилиш 2012 йилда тугалланган, осмонўпар бино баландлиги 302 метр бўлиб, ўша вақтда Яқин Шарқдаги энг баланд иншоот эди.

2011 йилда КНС Twitter акцияларини 300 миллион АҚШ долларига сотиб олди. Шаҳзоданинг ўзи ҳам ушбу ресурсдан фаол тарзда фойдаланади, у орқали фикрлари билан ўртоқлашади. У катта аудитория – 3,35 миллион ўқувчиларга эга.

Альтруист эмас

2000 йилда шаҳзода таълим соҳасидаги лойиҳалар билан шуғуллана бошлади ва Ар-Риёддаги биринчи хусусий мактабни очди. Ўшанда КНС George Herbert Walker Bush Америка стипендия фондига 0,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грантни йўлга қўйиб, ҳайрия билан фаол тарзда шуғуллана бошлади. Кейинчалик шаҳзода Қоҳирадаги Америка университети, Британиянинг Exeter, Гарвард ва Жоржтаун университетларига пул ўтказди. 2004 йилда у табиий офатлар - Осиёдаги цунами, Покистондаги зилзила ва б. қурбонларига ёрдам тариқасида пул юбора бошлади. КНС сайтида яна бир ҳайрия акцияси – Тунис учун 5000 та компьютерлар сотиб олиниши ҳақида сўз боради.

Собиқ ходимларнинг Business Insider га берган интервьюсида айтилишича, унинг ҳайрия фаолияти альтруизм эмас, ёқимли образни яратиш, натижада бизнесни ривожлантиришни мақсад қилган, ақл билан тузилган режадир. «У филантроп, бироқ унинг ҳайрия акциялари фақат матбуот учун амалга оширилади, - дейди унинг собиқ ходимларидан бири. – Мен у билан ҳар бир Африка мамлакатига борганман. Ҳайрияда пуллар қоплаб – миллион долларлаб бериларди. Бироқ мамлакатга икки-уч йил ўтгач қайтганимизда у ерда меҳмонхона қуришни режалаштираётганимиз муълум бўларди. Ал-Волид қилаётган ҳар бир иш ўз сабабига эга, бекордан-бекорга амалга оширилмайди”.

 

Мазкур мақоладан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, Саудия Арабистони шаҳзодаси ал-Волид бин Талал молия ҳисобини юритишда етарлича билимга эга. Буни унинг инвестициялари йўналиши ва ҳажми, улар натижасида олаётган даромадидан ҳам билишимиз мумкин. 32 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги ҳайрия эса омма эътиборини яна кўпроқ ўзига қаратиш, натижада ўз бизнесини янада ривожлантириб, ҳозиргиданда кўпроқ бойликка эришиш мақсадида амалга ошириляпти.

Top