19:50 / 13.07.2015
4122

Россия Тергов қўмитаси вакили Маркин: Савченко 25 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин

Украиналик учувчи Надежда Савченкога 25 йил қамоқ жазоси берилиши мумкин. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси вакили Владимир Маркин маълум қилди.

“Савченкога артиллерия қуролидан ўққа тутиш орқали фуқароларнинг жонига қасд қилиш айби қўйилмоқда. Бу модда бўйича умрбод озодликдан маҳрум этишгача жазо назарда тутилган, бироқ Россия Жиноят кодексига мувофиқ, аёлларга умрбод қамоқ жазоси тайинланмайди. Шу тариқа, Савченкога берилиши мумкин бўлган максимал қамоқ жазоси 25 йилни ташкил қилиши мумкин”, дейилмоқда хабарда.

Аввалроқ Савченко иши билан Ростов вилоятининг Донецк шаҳри суди шуғулланиши маълум қилинганди.

Маълумот учун, Надежда Савченко Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиси бўлиб, Ми24 вертолётининг штурмани бўлиб хизмат қилган. Савченко 2014 йил 17 июнда Луганск ёнида ВГТРК (Бутунроссия давлат телерадиокомпанияси) суратга олиш гуруҳи журналистларининг қотиллигига алоқадорликда айбланмоқда.

Top