18:15 / 17.07.2015
36169

Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги байрами “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилади

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 17 июль куни мамлакат мустақиллигининг 24 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорини имзолади. Бу ҳақда УзА хабар берган.

Ушбу қарорга кўра, байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссияси таркиби тузилади.

Республика комиссияси бир ҳафта муддатда “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқади.

Қарорга кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, фольклор санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилиши белгиланган.

Шунингдек, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, “Тасвирий ойина”, Ёзувчилар ва Бастакорлар уюшмалари, Бадиий академия ва бошқа ташкилотлар зиммасига биргаликда истиқлолни тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика танловининг якуний босқичини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ниҳол” мукофотига номзодларнинг республика саралаш босқичини ҳамда “Энг улуғ, энг азиз”, “Ватан учун яшайлик”, “Ранглар жилосида – она диёр” каби анъанавий кўрик-танловларни юқори даражада ўтказишни таъминлаш вазифаси юклатилган.

Top