16:39 / 18.07.2015
20255

Машҳур инсонларнинг оддий хоббиси

Ҳаётда юксак поғоналарга эришган инсонларнинг қизиқишлари киши эътиборини тортиши аниқ. Бугун сизга ана шундай машҳур инсонларнинг оддий қизиқишлари ҳақида маълумот бермоқчимиз. Ишончимиз комилки, берадиган маълумотларимиздан олам-олам завқ оласиз.

Илон Маск — Жеймс Бонднинг ашаддий мухлиси 

SpaceX, Tesla Motors ва PayPal компанияларининг эгаси, машҳур муҳандис, ихтирочи Илон Маск Жеймс Бонд билан боғлиқ барча турдаги буюмларни йиғишга қизиқади. Масалан, Илон ушбу кино қахрамонининг нилуфар машина-қайиғи (Lotus Esprit 1977 йилги)га эгалик қилади. 

Уоррен Баффетт — гитарачи

Америка Қўшма Штатларининг энг бадавлат инсонлари қаторида Уоррен иккинчи ўринда туради. Уоррен Баффетт гитара чолғу асбоблари тўпламларини йиғишни яхши кўради. Бундан ташқари у гитарани жуда яхши чалади ва жамоат олдида қобилиятини намоён этишдан тортинмайди. 

Билл Гейтс — китобхон 

Microsoft компанияси хўжайини ўзининг берган интервьюларидан бирида теннисни яхши кўришини айтиб ўтган. Аммо унинг китоб ва китоб ўқишга бўлган муҳаббати барча қизиқишларидан устун туради. 

Биллнинг шахсий кутубхонаси бўлиб, унда фаолият олиб борадиган хизматчи тез-тез кутубхонани нодир китоблар билан тўлдириб туради. Ҳаттоки 1994 йилда қахрамонимиз 30,8 миллион долларга Леонардо да Винчининг XV асрга оид қўлёзма асарини ҳам сотиб олган.   

Томас Эдисон — парҳезшунос

ХХ  асрда техник ихтироларнинг бирортаси ҳам бу буюк инсоннинг кашфиётларидек ижобий ютуқлар олиб келмаган. Эдисон телеграф, телефон, киноаппарат, фонограф каби бир неча мосламаларни яратиб, уларни бирмунча мукаммаллаштирган. Ҳаттоки телефон гўшагини кўтарганда “Алло” деб сўз бошлашни айнан Эдисоннинг ўзи таклиф этган. 

Томас Эдисон бўш вақтларида яна овқатланиш тартиби, парҳез ва унинг инсон организмига фойдали томонлари ҳақида бир неча тавсияларни ўқиб ўрганган. 1930 йилда Эдисоннинг ўлимига қадар унинг рафиқаси ўз интервьюсида “Тўғри овқатланиш, умр йўлдошимнинг энг яхши хоббисидир”, дея таькидлаган. 

Генри Форд — техника музейи асосчиси 

Қахрамонимиз американинг афсонавий автомашиналар саноати асосчиси ҳисобланади.  Генри Форд бир жойда машҳур бинолар, машина ва ҳайкалларнинг жуда катта ҳажмдаги макетини тўплаш учун катта миқдордаги пул тикади. 1929 йилда ҳаттоки у очиқ осмон остида Greenfield Village номи билан танилган, ҳозирда эса Henry Ford Museum дея аталаётган музейни ташкил этди. 

Уолт Дисней — темирйўлчи 

Уолт Дисней поездни жуда яхши кўрган. Поездларга бўлган қизиқиши шунчалар кучли бўлганки, Уолт Диснейнинг барча ўйин майдонларида поезд йўлаклари бўлган ва қахрамонимизнинг иш жойида йирик паравознинг макети қад кўтарган.  

Бундан ташқари Диснейнинг уйи атрофида кўприкка туташган темир йўл ҳам қурилган ва қаҳрамонимиз уйига ташриф буюрган меҳмонларни айнан мана шу поезда айлантирган. 

Никола Тесла — каптарбоз 

Ўз сўзимиз билан айтганда, “ХХ аср ихитрочиси”, радио, техник робот ва электр қуввати учун генератор яратган ихтирочи Никола Тесла кабутарларни жуда яхши кўрган. У эрталабки сайр пайтида ёввойи кабутарларга қараган, бемор ётган чоғларида эса, уларга қарайдиган махсус хизматчи ёллаган. Хизматчилар кабутар ва қушларни боқиб, уларга ғамхўрлик қилган. 

Марк Цукерберг — ҳар йили қизиқишларини ўзгартиради 

Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси Марк Цукербергнинг қизиқишлари жуда антиқа. Қаҳрамонимиз ҳар йили ўз хоббисини ўзгартиради. Бу борада у шундай дейди: “Мен ҳар йили ўз-ўзимга танаффус эълон қиламан ва ўзим учун янгилик яратаман. Дунёнинг яна бир ўзгаришларини ўзимда синаб кўриш истаги пайдо бўлади.  Масалан, мен ўтган йили хитой тилини ўргандим, бу эса менга кўп соҳаларда ўзининг ижобий самарасини берди”.         

Кимгадир бу машҳур инсонларнинг қизиқишлари ўз ишларидан чалғитувчи воситадек туюлиши мумкин. Аммо бу фикр хато. Хатто энг шахсий вазифа ва масъулият ҳам вақти-вақти билан ўзгариши, куч ва янги ғоялар тўплаш учун танаффусга муҳтождир. Сиз учун кулгили ва арзимас бўлиб туюлган хоббилар ҳам аслида жиддий ютуқлар ва мароқли ҳордиқ чиқаришга сабаб бўлади. Хўш, сизнинг севимли машғулотингиз борми?

Top