21:32 / 23.07.2015
2900

Бухоро вилоятида 2015 йилнинг иккинчи ярим йиллигида 9 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади

Бухорода 2015 йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва галдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Вилоят раҳбари М. Эсонов бошқарган йиғилишда маълум қилинишича, вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 фоиз ошди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,5, чакана савдо айланмаси 4,2, хизматлар кўрсатиш 5,6, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 6,6 фоиз ўсди.

Йиғилишда маҳаллийлаштириш дастури ижроси, ҳудудий экспорт ҳажми белгиланган прогноз кўрсаткичидан пастлиги қайд этилиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Белгиланган дастурларга асосан жорий йилнинг иккинчи ярмида жами қиймати 427,4 миллиард сўм бўлган 844, жумладан, саноат йўналишида 249, хизмат кўрсатиш соҳасида 305 ва қишлоқ хўжалигида 290 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу аҳолини иш билан таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Дастурлар ижроси таъминланиши 9 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Юқорида қайд этилган лойиҳаларга кўра, 25 турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Полимер ва пластик буюмлар, трикотаж, чарм-пойабзал, қоғоз маҳсулотлари, қурилиш материаллари, озиқ-овқат товарлари шулар жумласидандир.

Маҳаллийлаштириш дастури бўйича бешта корхонада 12 лойиҳа асосида 89,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Экспорт салмоғини ошириш мақсадида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 2 минг 177 корхонани қайта инвентаризация қилиш ва янги субъектларни экспорт фаолиятига жалб этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорга чиқариш чоралари кўрилади.

Top