10:05 / 25.07.2015
2839

2015 йилнинг биринчи ярмида Самарқанд вилоятида 47 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди

Самарқандда жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ҳамда устувор вазифалар ижросига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими З.Мирзаев бошқарган йиғилиш сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилди. Унда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, бошқарма ва идоралар, йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этди.

Маълум қилинишича, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотини ўтган 6 ойда 10,5 фоизга оширишга эришилди. 

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 14, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 6,2, чакана товар айланмаси 12,6, қурилиш-пудрат ишлари 11,1 ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 6,5 фоизга ўсди. Ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг 36,3 фоизи озиқ-овқат, 22,1 фоизи енгил саноат, 21,8 фоизи машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, 4,4 фоизи химия ва нефть, 4 фоизи қурилиш материаллари саноати тармоқларига тўғри келди. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 71,9, хизмат кўрсатиш соҳаси улуши 54,3 фоизни ташкил этди. 

Бандлик масаласини ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли 47 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиб, уларнинг асосий қисми қишлоқларда ташкил этилди. Иш ўринларининг асосий қисми тижорат банкларининг кичик корхоналар ва микрофирмалар ташкил этиш учун ажратилган кредитлар, касаначилик ва фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳисобига тўғри келди.

Фаол инвестиция сиёсати ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, инфратузилмани ривожлантириш январь-июнь ойларида молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 1 триллион 293 миллиард сўмлик инвестицияни ўзлаштириш имконини берди. Хорижий инвестициялар 10,1 миллион долларни ташкил этди. 

Биринчи ярим йилликда 482 хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолияти йўлга қўйилиб, улар негизида 1 минг 626 янги иш ўрни яратилди. 

Ҳисобот даврида 1 минг 258 кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, уларнинг сони 15,9 мингтага етди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига молиявий ёрдам бериш мақсадида 501,7 миллиард сўм кредит ажратилди. Бугун вилоятдаги иш билан банд аҳолининг 83,7 фоизи айнан шу соҳада меҳнат қилмоқда. 

Экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ва унинг таркибини кенгайтириш бўйича амалга оширилган ишлар туфайли экспорт борасидаги режа 133,5 фоизга бажарилди. 

Top