09:53 / 28.07.2015
2154

Ўзбекистонлик таэквондочилар Корея очиқ чемпионатида жами 45та медалга сазовор бўлишди

Жанубий Кореяда Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган Таэквондонинг WTF йўналиши бўйича ўтказилган Корея очиқ чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар 19та олтин, 16та кумуш ва 10та бронза медалига сазовор бўлишди.

Дунёнинг 72 давлатидан келган 2236 нафар спортчи иштирокида бўлиб ўтган Корея очиқ чемпионати катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилиб, катталар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада 2016 йилги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколар ҳам ўйналди.

Мазкур мусобақада уч нафар ўзбекистонлик спортчи – булар амалдаги жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари совриндори Дмитрий Шокин (+87 кг), Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори Жасур Бойқўзиев (-87 кг) ва Мустафо Валиев (-58 кг) барча рақибларини мағлуб этиб олтин медалга сазовор бўлган бўлишса, яна бир тажрибали спортчи Никита Рафалович вазни 80 кг.гача бўлган спортчилар мусобақасида ярим финалга қадар етиб келди ва бронза медали билан тақдирланди.

Ёшлар, ўсмирлар ва пумсе йўналиши бўйича бўлиб ўтган мусобақаларда эса Ўзбекистон вакиллари 16та олтин, 16та кумуш ва 9та бронза медалини қўлга киритишди.

Шу тариқа, Таэквондо ватанида ўтказилган навбатдаги йирик мусобақада Ўзбекистон таэквондо усталари жами 45 та медалга сазовор бўлишди.

Ғолиблар 28 июль куни соат 19:00да Ўзбекистонга қайтиб келади.

Top