20:25 / 30.07.2015
2897

Ўзбекистонда йўловчи ташиш йўналишлари сони 4317тага етди

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг 2015 йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўзида Ўзбекистонда 33 янги йўловчи ташиш йўналиши ташкил этилиб, уларда қарийб 300 автобус ва йўналиш таксилари аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

2000 йилда мамлакатимизда икки мингга яқин йўловчи ташиш йўналиши мавжуд бўлган бўлса, айни пайтда уларнинг сони 4317 тага етган. Ушбу йўналишларнинг деярли барчаси очиқ тендер савдоларидан ўтказилган. Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида ўтказилган 78 очиқ тендер савдоларида 673 йўловчи ташиш йўналиши жойлаштирилди.

Шунингдек, транспорт корхоналари автопаркини янгилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2015 йилнинг ўтган олти ойида Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган 175 «Исузу» автобуси лизинг асосида сотиб олинди. Бундан ташқари, транспорт корхоналари учун 247 юк машинаси, 62 микроавтобус ва 322 енгил автомобиль харид қилинди.

Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида автотранспорт соҳасида ҳам хусусий сектор улуши ортиб бораётгани туфайли ҳисобот даврида мазкур соҳага жалб этилган инвестициялар ҳажми 77,6 миллиард сўмни ташкил қилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда транспортда хизмат кўрсатиш соҳасида ноқонуний фаолият юритаётган субъектларни аниқлаш бўйича мунтазам рейдлар ўтказилмоқда. Ҳисобот даврида ўтказилган 2300дан зиёд қўшма рейд давомида тўпланган материаллар чора кўриш учун тегишли органларга тақдим этилди.

Top