16:09 / 31.07.2015
10167

Зулфиқор Мусоқов: “Бир тийинга қиммат актёрларни кўтар-кўтар қилиш керак эмас”

“Ўзбеккино” миллий агентлигининг “Миллий киноматография санъатининг ривожлантириш муаммолари ва истиқболдаги режалар” мавзусида ўтказилган конференциясида таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов бугунги кино муҳитини кескин танқид остига олди.
“Бугунги кунда яхши ишлар қилинмоқда, лекин жуда суст. Биз кўпроқ ишлашимиз керак. Шахсан мен ҳеч бўлмаса 3-4 яхши режиссёрларни тайёрламоқчи эдим. Бу борада гаплашмаган масъул ва институт ректорлари қолмади. Улардан режиссёрликка қизиқадиган ёшлар билан шуғулланиш учун атиги битта хона сўрадим. Бугунги кинематографияга жаҳон киносини яхши биладиган режиссёрлар етишмаяпти. Сценарийлар ҳам жуда-жуда саёз. Ахир сценарий ёзишни билмай туриб қандай кино ишлаш мумкин? “Хонтахтачилар”ни нега бунчалик кўтар-кўтар қилишяпти ҳайронман. Уларнинг сценарийси иккита дафтар варағига ҳам сиғади. Ҳаммаси оғзаки кўрсатмалар. Шундай қилиб мухлисларнинг савиясини тушириб юбордик. Адиз Ражабовни Ален Дэлон деб билишмоқда. Адиз тушмаган фильмларга боришмайди. Яна бир нечта ёш юлдузчалар бор. Мен учун булар бир тийинга қиммат актёрлар. Уларни ҳеч қачон фильмга олмаган бўлардим.
Бундай мажлисларда нима учундир телевидение раҳбарлари қатнашишмайди. Улар ўзи билмаган ҳолда фильмларни ағдар-тўнтар қилиб ташлашмоқда. Менинг фильмларим 27 йилдан буён эфирда кетмоқда. Бу учун ҳеч кимдан пул сўраганим йўқ. Шунчаки халқ кўрсин, хулоса чиқарсин дейман. Фильмларимизнинг энг муҳим қисмларини кесиб ташлашса, алам қилади-да! “Бекатдаги одам” фильмида автоҳалокат ҳақидаги бир жойи бор. Агар шу фильмни кўришганда ҳалокатлар сони камайган бўлармиди. Шахсан мен кино бир кишининг ҳаётини сақлаб қолса ҳам ўзимни бахтли ҳис қилган бўлардим”,- дейди Зулфиқор Мусоқов.
Таъкидлаш жоизки, айни вақтда қатор халқаро киномукофотлар соҳиби Зулфиқор Мусоқов “Ўзбекфильм” киностудияси билан бирга “Кузнинг бир куни” фильмини суратга олмоқда.

Top