19:08 / 01.08.2015
9749

"ИШИД" сафига қўшилиш учун кетаётган россиялик онасига ёзган хабаридаги хатолик туфайли қўлга тушди

Туркия ҳукумати 26 ёшли доғистонлик талабани мамлакат чегараси орқали Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш учун кетаётганида қўлга олди. Бу ҳақда Hurriyet нашри хабар берди.

Маълум бўлишича, исми ошкор қилинмаган доғистонлик талаба 6 ойдан буён маҳаллий масжидлардан бирига доимий равишда қатнай бошлаган. Унинг бир қанча дўстлари "ИШИД" сафига йўл олганидан хавотирланган ота-онаси уни қаттиқ назорат қилган.

Лекин, у ота-онасини алдаб, 20 июль куни саёҳат қилиш баҳонасида Туркияга йўл олади. Ундан қаердалигини сўрашганида, "Анқарада, денгиздан 2 км масофадаман", деб смс орқали жавоб қайтаради.

Натижада, географик билим жиҳатдан қолоқ бўлган талабанинг ёлғони фош бўлади.

Анқара шаҳри Туркияни уч томондан ўраб турган денгизларнинг барчасидан анча йироқдалигини билган ота-она тезлик билан Туркия миллий разведкасига бу ҳақда хабар беради. Туркия махсус хизматлари тезкор операция орқали талабани Туркия жанубидаги Хатай вилояти ҳудудида қўлга олишди.

31 июль куни у Трабзон шаҳрига келтирилиб, ота-онасига топширилди. Унинг айтишича, ўзининг "ИШИД" сафига ўтиш нияти бўлмаган.

Маълумот учун, айни вақтда "ИШИД" сафида дунёнинг 80дан ортиқ мамлакатидан келган ёлланган жангарилар мавжуд. Ташкилот ўз таркибида 50 мингдан 200 минг нафаргача жангарини қамраган.

Top