09:24 / 08.08.2015
4825

Нефть нархини тушириш билан боғлиқ “ўйинлар” Саудия Арабистони бюджетида дефицитни келтириб чиқарди

Нефть нархининг паст қиймати Саудия Арабистони қироллиги бюджетида катта ўпирилишни келтириб чиқарди. Қироллик ҳукумати бюджет дефицитини қоплаш учун 24-27 млрд долларлик давлат облигацияларини сотувга чиқаришга қарор қилди.

Саудия Арабистони ҳукумати 130 млрд долларлик бюджет дефицитини қисман қоплаш учун 2007 йилдаги молиявий инқироздан кейин илк бор давлат облигацияларини сотувга чиқаришга мажбур бўлмоқда.

Саудия Арабистони Марказий банки жорий йилнинг бошидан 4 млрд долларлик облигацияларни сотувга чиқарди. Саудияликларнинг қарз олишига нефть нархининг пастлиги сабаб бўлмоқда. Қироллик ҳукумати бундай ҳолатнинг юз келишига маълум даражада ўзи ҳам айбдор. Саудия Арабистони нефть нархини пасайтириб ва нефть қазиб олиш ҳажмини кўпайтириб, АҚШнинг сланецли нефть инқилобига зарба бермоқчи бўлган. Бироқ нефть гўёки “ҳаддидан ошиб”, пастлаб кетди. Эронга нисбатан санкцияларнинг бекор қилиниши эса нефть бозоридаги шундоқ ҳам оғир вазиятни янада мураккаблаштирди.
Нефтга паст нархлар ОПЕКга аъзо давлатларга яхшигина зарба беришга улгурди. Ваҳоланки, Венесуэла ва Ироқ ОПЕК аъзолари сифатида ўзларининг ташкилот бўйича ҳамкасбларини бундай “ўйинлар” жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантириб, нефть олиш ҳажмини камайтиришни таклиф қилишган эди.

Top