10:53 / 12.08.2015
4422

2015-2016 ўқув йилида Ўзбекистондаги умумтаълим мактаблари биринчи синфга 631 минг ўқувчи қабул қилади

2015-2016 ўқув йилида Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларининг 1-синфига 631 минг ўқувчи боради, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги.

Уларга 12 номдаги ўқув анжомларидан иборат «Президент совғаси» тайёрланиб, жойларга етказилди. Ушбу совғалар ўқув йилининг биринчи кунида болаларга топширилади.

Янги ўқув йилида ўқувчиларни дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш мақсадида 454 номдаги дарслик ва ўқув қўлланма чоп этилиб, жойларга етказилди. 1-синфга қабул қилинадиган ўқувчилар учун чет тили дарсликлари, машқ дафтарлари, ўқитувчилар учун методик қўлланма ва мултимедиа иловалари чоп этилди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан мактаблар қошидаги ахборот-ресурс марказларининг китоб захирасини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда бошланғич синф ўқувчилари учун лотин алифбосида 27 номдаги салкам 850 минг тираждаги бадиий адабиётлар, болалар учун китоблар етказилди.

2015 йилги инвестиция дастурига мувофиқ янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида мамлакат бўйича 384 мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 221 спорт иншооти ҳамда 5 болалар мусиқа ва санъат мактабида қурилиш, реконструкция ишлари бажарилди.

Жорий йилда жами 4517 таълим масканини мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускунаси, компьютер техникаси, спорт анжомлари, мусиқа чолғулари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.

275 мактабгача таълим маскани капитал таъмирланмоқда. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни кўпайтириш ва уларни мактабга сифатли тайёрлаш мақсадида 1775 қисқа муддатли гуруҳлар, 3188 мактаб қошида саводхонлик гуруҳи фаолият кўрсатмоқда.

Top