16:32 / 17.08.2015
3886

“Тахтлар ўйини” сериали британияликларни янги болалар исмларини ўйлаб топишга илҳомлантирмоқда

“Тахтлар ўйини” сериали Англия ва Уэльс аҳолисини янги болалар исмларини ўйлаб топишга илҳомлантирмоқда, дея хабар беради The Independent нашри. Газетада қайд этилишича, мазкур телешоу ота-оналар онгига таъсир этишда давом этмоқда.

Миллий статистика бошқармаси (ONS) маълумотларига кўра, 2014 йилда 18 нафар англиялик ва уэльслик болага Теон, 17 нафарига Трион, 14 нафарига Бран ва 4 нафарига Сандор исмлари қўйилган. Янги дунёга келган 53 қизалоқ эса Кхалиси, 10 нафари Дейенерис, олтиси Санса, тўрт нафари Бриенна исми билан чақирила бошлаган.

Бундан ташқари, расмий статистик маълумотлар “Совуқ юрак” мультфилми қаҳрамонлари Эльза ва Анна ҳам ота-оналар орасида оммалашганини кўрсатди. Биринчи марта Кристофф исми уч ўғил болага қўйилган бўлса, 52 маротаба Олаф исмига мурожаат қилинган.

Поп мусиқа ҳам янгидан-янги исмларнинг оммалашувига сабаб бўлмоқда. Жумладан, қўшиқчи Рита Оранинг кўплаб мухлислари ўз фарзандларини Рита деб чақиришга қарор қилган. One Direction гуруҳи аъзоларининг Гарри ва Луис исмлари ҳам кенг оммалашмоқда.

Миллий статистика бошқармасининг қайд этишича, болалар исмларига “Кардашян оиласи” ток шоуси ва “Даунтон аббатлиги” сериаллари ҳам катта таъсир қилмоқда.

Top