18:36 / 18.08.2015
3620

Валюталар курси россияликларга ҳаж учун квоталардан фойдаланишга халал бермоқда

Россия муфтийлар кенгаши раиси Рушан Аббясовнинг ТАСС агентлигига хабар беришича, 2015 йилги ҳаж мавсумида Саудия Арабистонига камида 16,4 минг россиялик жўнаб кетади.

Унинг қайд этишича, зиёратчилар сонининг камайиши доллар баҳосининг ортиши ва сарфар харажатларининг кўпайиши билан боғланмоқда.

“Бундай муаммо ҳақиқатдан ҳам бор. Белгиланган квотани фақатгина Қрим тўлиқ ёпди — у ердан 300 киши ҳаж сафарига боради. Бошқа ҳудудларда эса квота очиқлигича қолмоқда. Ҳаттоки азалдан кўп миқдордаги зиёратчилар сонига эга Доғистон ҳам квотани ёпмади”, – деди Аббясов.

Унинг айтишича, квота ҳудудлар ўртасида қайта тақсимланиши мумкин, бироқ бу ҳали номаълум. Зиёратчилар сонининг камайиб кетишига асосий сабабчи сифатида сафар харажатларининг ортиб кетиши айтилмоқда. Россиялик зиёратчилар валюта курсининг ошишини ҳисобга олган ҳолда 3,5 минг доллар сарфлашлари лозим. Қримликлар эса махсус имтиёзлар шароитида ҳаж зиёратини амалга оширади.

Россиядан дастлабки зиёратчилар 2015 йилнинг сентябрь ойи биринчи ярмида жўнаб кетишади.

Top