17:49 / 23.08.2015
10633

Амрум ороли қирғоғида 108 йил олдин хат солиб денгизга ташланган бутилка топилди

Европанинг шимоли-ғарбидаги Шимолий денгизда жойлашган Фриз ороллари туркумига кирувчи Амрум оролидаги пляждан 1908 йилга мансуб шиша бутилка топилди.

The Telegraph нашрида ёзилишича, бу идиш сувдан топилган энг кўҳна идишга айланди ва эндиликда Гиннес Рекордлар китобига киритилиши кутилмоқда. Ҳозиргача рекорд ўрнатган шиша идишнинг ёши 99 йилни ташкил этарди.

Қайд этилишича, бундай идишлардан 1200 донаси XX аср бошида Буюк Британия Денгиз биологияси уюшмаси олимлари томонидан денгизга ташланган эди. Улар бу орқали денгиздаги жараёнларни ўрганмоқчи бўлишган. Ўшанда бир неча йил ўтиб, олимлар бу идишларнинг аксар қисмини сувдан қайтариб олишган.

Бу идишларнинг ичига бир неча тилларда хатлар ёзилган қоғозлар солинган. Хатларда шиша идишларни топиб қайтарган кишига бир шиллинг берилиши ваъда қилинганди.

Ҳозирча топилган бутилка шунча вақт давомида сувда сузиб юргани ёки узоқ йиллар бирон қумлоқда ётгани бўйича аниқ маълумотлар олинмаган.

Top