15:25 / 26.08.2015
2570

Жанубий Корея Эронда автомобиль ва маиший техника ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин

Эрон савдони ривожлантириш ташкилоти директори Валиулла Афҳамирод Жанубий Корея савдо, саноат ва энергетика вазири ўринбосари Ву Тхэ билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Iran.ru сайти хабар берди.

Учрашув чоғида Афҳамирод Кореяга Эрон ҳудудида автомобиль ва маиший техника ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таклиф қилди. У ўтган йили икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 2.4 млрд долларни ташкил қилганини, унинг асосий қисми Жанубий Корея маҳсулотларининг Эронга импорт қилинишига тўғри келишини эслатиб ўтди.

Айни пайтда Эронда йилига 1.2 млн автомобиль ишлаб чиқарилади, аммо вақт ўтиши билан бу кўрсаткич 3 млн донага етиши айтилмоқда. Бу кўрсаткичга эришиш учун Эрон Жанубий Корея билан ҳамкорликда автомобиллар ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар очишни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, Эрон Жанубий Кореяда ишлаб чиқариладиган маиший техникани энг кўп харид қилувчи мамлакат ҳисобланади.

Ву Тхэ, ўз навбатида, бу таклифнинг ҳар икки томонга манфаат келтиришини, лекин Жанубий Корея ҳукумати йирик корпорацияларнинг ҳаракатларини назорат қилмаслигини айтди.
“Расмий ҳокимият қила оладиган нарса йирик компанияларга Эрондаги лойиҳаларга инвестиция киритиш учун имтиёзли кредитлар тақдим этишдир”, - таъкидлади у.

Top