12:41 / 06.09.2015
2073

Тунисда охирги 6 ой ичида террорчиликда гумон қилиниб 158 киши ҳибсга олинди

Жорий йилнинг март ойидан сентябрь ойигача Тунисда террорчилик ташкилотларига алоқадорликда гумон қилиниб 158 киши қўлга олинди. Бу ҳақда Тунис Ички ишлар вазирлиги берган хабарда айтилмоқда.
Тунисдаги вазият ҳанузгача танг бўлиб қолмоқда. 2015 йилда экстремистлар мамлакатда катта шов-шувларга сабаб бўлган терактларни амалга оширдилар.
18 март куни жангарилар мамлакат пойтахти Тунис шаҳридаги Бардо музейини қўлга олиб, у ерда сайёҳларга ўқ уза бошлашган. Уларнинг бу қабиҳликлари туфайли 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлган эди.
26 июнда Суси курорт шаҳрида Тунис тарихидаги энг йирик теракт амалга оширилди. Радикал исломчи сайёҳ кўринишида “Риу империал мархаба” меҳмонхонаси ҳудудига кириб, пляжда дам олаётган сайёҳларни автоматдан ўққа тутган. Оқибатда 38 киши ҳалок бўлган, яна 40 киши яраланган эди.
Иккала теракт учун ҳам жавобгарликни “ИШИД” террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олган.
4 июлдан мамлакатда фавқулодда вазият тартиби амал қилиб келади.

Top