17:08 / 07.09.2015
2330

Олланд: Яқин икки йилда Европа Иттифоқи 120 минг, Франция 24 минг қочқинни қабул қилади

Франция яқин икки йилда 24 минг қочқинни қабул қилади. Бу ҳақда душанба, 7 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжумани чоҳида Франция президенти Франсуа Олланд маълум қилди.

“Европа комиссияси яқин икки йил ичида Европа Иттифоқи мамлакатлари қўшимча равишда 120 минг нафар қочқинни қабул қилишни таклиф қилмоқда, Франция учун бу 24 минг кишини қабул қилишни англатади. Биз буни бажарамиз”, – деди у.

Фанция етакчиси Европа Иттифоқи муҳожирлар инқирози устидан назоратни ўрната олишига ишонч билдирди.

“Мен Парижда қочқинлар муаммоси бўйича халқаро конференция ташкил этишни таклиф қиламан”, – дея қўшимча қилди Олланд.

2015 йилда Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги бир қатор мамлакатларда қуролли можароларнинг авж олиши натижасида мазкур ҳудудлардан Европага ўтувчи қочқинлар сони кескин ошиб кетди. Январь-сентябрь ойларида уларнинг сони 351,3 минг нафарга етган, шундан 200 минг нафари кемаларда Ўрта Ер денгизи орқали сузиб ўтган.

Айрим мутахассисларнинг тахминларига кўра, муҳожирлар оқими 1 млн нафардан ортиши мумкин.

Top