12:56 / 09.09.2015
3938

Қаршидаги 39,750 млрд сўмлик 108 метр узунликдаги кўприк қурилиши давом эттирилмоқда

Қарши шаҳрида янги кўприк қурилиши давом эттирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қарши шаҳрида барпо этилаётган янги ҳалқа йўлида яна бир объектнинг қурилиши давом эттирилмоқда. Мазкур улкан кўприк ҳалқа йўлининг А-380 магистраль йўли (Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов) билан туташ қисмида тикланмоқда. А-380 автомагистралининг темир йўл тармоғи устидан ўтувчи қисмини туташтириб турувчи кўприкнинг узунлиги 108, кенглиги 30, баландлиги эса 7,8 метрни ташкил этади.

Қурилиш ишлари Қашқадарё кўприк хўжалигини сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси бунёдкорлари томонидан олиб борилмоқда. Барча ишлар ниҳоясига етганидан сўнг кўприк А-380 автомагистрали бўйлаб ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларига Ғузордан Қаршига ҳалқа орқали ўтиш имконини беради.

Мазкур ишлар учун 39 млрд 750 млн сўмлик маблағ сарфланиши режалаштирилган. Қурилиш ишларига миллий ва хорижда ишлаб чиқарилган техник воситалар жалб этилган.

Top