17:38 / 10.09.2015
2465

Oxfam: Европа Иттифоқининг 123 миллион фуқаросига камбағаллик таҳдид солмоқда

Халқаро Oxfam ташкилоти томонидан бугун, 10 сентябрь куни эълон қилинган ҳисоботда Европа Иттифоқида истиқомат қилаётган ҳар тўртинчи фуқаро камбағаллик остонасида экани айтилган. Мазкур ташкилот маълумотларига кўра, айни пайтда Европа Иттифоқининг 500 миллион фуқаросидан 123 миллионининг моддий аҳволи ёмонлашиб бормоқда.

Хабарда қайд этилишича, 2009-2013 йиллар оралиғида зарур харажатлари учун етарлича маблағ топа олмаётган европаликлар сони 7,5 млндан 50 млн нафаргача етган. Улар 342 нафар миллиардер яшаётган Европа Иттифоқининг камбағаллик остонасида кун кечираётган қарийб 123 миллион ЕИ фуқароси ҳисобланади.

Oxfam ҳисоботида қитъадаги нотенглик даражаси ўз аксини топган бўлиб, Европа Иттифоқи молия вазирларининг 11-12 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган норасмий учрашуви олдидан эълон қилинди.

Ҳисоботда қайд этилишича, Болгария ва Греция иттифоқда энг ёмон кўрсаткичларга эга. Шунингдек, Германия ва Португалияда яшовчи кишиларда ҳам даромадлар билан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ўртасида нотенглик кузатилмоқда. Даромадлар нотенглиги Болгария, Латвия ва Литва ҳам қайд этилмоқда.

Германия, Австрия ва Чехияда аёллар меҳнатига тўланадиган маош ва харажатлар ўртасидаги бўшлиқлардан азият чекаётган бўлса, Латвияда иш берувчилар ва раҳбарлар маоши ўртасида энг катта фарқ кўзга ташланади.

Маълумот учун, Халқаро Oxfam ташкилотига 1942 йилда Британияда Оксфорд университети томонидан асос солинган бўлиб, айни пайтда дунёнинг 90 мамлакатида фаолият кўрсатади.

Top