11:53 / 12.09.2015
3472

Оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон вакиллари 5та медалга сазовор бўлишди

Таиланднинг Пхукет шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати якунланди. Бу галги қитъа чемпионатида 29 давлатдан жами 162 нафар спортчи (106 нафар эркак – 56 нафар аёллар) ғолиблик учун кураш олиб борди.

Ушбу Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси таркибидан Муаттар Набиева (-58 кг), Гўзал Наимова (-69 кг), Мадой Отақўзиева (-75 кг), Авез Идиев (-105 кг), Иван Ефремов (+105 кг) ва Рустам Жангабаев (+105 кг) ўрин эгаллашди.

Терма жамоа ҳисобига ягона олтин медални Иван Ефремов келтирди. Тажрибали спортчи даст кўтаришда 193 кг. натижани қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Силтаб кўтаришда 220 кг. тошни ўзига бўйсундирган Иван Ефремов бронза медалини қўлга киритиб, иккикураш якунларига кўра учинчи ўринни банд этди. Яна иккита бронза медалга Омадой Отақўзиева силтаб кўтаришда 117 кг. натижа билан (иккикураш якунига кўра 4-ўрин) ҳамда Авез Идиев силтаб кўтаришда 193 кг. кўрсаткич билан (иккикураш якунига кўра 5-ўрин) сазовор бўлди.

Турнирда битта олтин ва 4та бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 15 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 15:30да юртимизга қайтиб келишади.

Top