15:27 / 13.09.2015
6128

Қуддусдаги Ал-Акса масжидида мусулмонлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашув содир бўлди

Бугун, 13 сентябрь куни Қуддус шаҳридаги Ал-Акса масжидида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашув содир бўлди.

Jerusalem Post газетасида ёзилишича, тартибсизлик иштирокчилари масжид ичида баррикада ҳосил қилишган ва полициячиларга тош ҳамда петардалар улоқтиришган.

Воқеа жойига махсус бўлинмалар жўнатилган. Ибодатхона жойлашган ҳудудга ўтиш йўли вақтинча ёпиб қўйилган.

Бир қанча вақт ўтиб, Исроил жамоат хавфсизлиги вазирлигининг журналистларга маълум қилишича, тартибсизликлар бартараф этилиб, масжид фаолияти қайтадан йўлга қўйилган.

Қайд қилинишича, ушбу тартибсизлик исроилликлар учун янги йил байрами куни бошланиши арафасида бир неча соат давомида бўлиб ўтди.

Франс Пресс агентлиги маълумотига кўра, бу тартибсизликни бартараф этиш жараёнида ҳибсга олинганлар бор.

Бир неча кун олдин Исроил Мудофаа вазири Моше Яалон мусулмонларнинг иккита гуруҳини тақиқлаш ҳақида қарор чиқарганди. Бу гуруҳлар яҳудийларнинг масжидга киришига тўсқинлик қилганди.

Top