12:38 / 13.09.2015
10894

Тожикистон махсус хизматлари генерал Назарзоданинг яширинган жойини аниқлашди

Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мамлакат мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, исёнчи генерал Абдухалим Назарзода жойлашган ҳудудни аниқлашган. Бу ҳақда ўз манбасига асосланган ҳолда ТАСС нашри хабар берган.

Генералнинг тарафдорларини йўқ қилиш амалиётларида иштирок этаётган манбанинг маълум қилишича, бироз олдинроқ ОАВлар орқали Назарзоданинг ўлдирилгани ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Унинг қўшимча қилишича, генерални қидириш ишларига вертолётлар ҳам жалб қилинган.

Охирги маълумотларга кўра, Тожикистоннинг тоғли ҳудудидаги Ромит дарасида генералнинг 110 нафар тарафдори қўлга олинган ва 22 нафари отишмалар давомида ўлдирилган.

Эслатиб ўтамиз, 4 сентябрь куни Душанбе ва пойтахтга туташ Ваҳдат туманида милиция бўлинмаларига уюштирилган ҳужумлар натижасида 4 нафар милиция ходими ва 4 ОМОН жангчиси ҳалок бўлган эди.

Қайд этиш керакки, бу воқеалар Тожикистон мустақиллигининг 24 йиллиги нишонланиши арафасида рўй берди.

Top