10:55 / 15.09.2015
5398

15 сентябрда Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 70- сессияси иш бошлайди

БМТ Бош ассамблеясининг 70- сессияси жаҳон ташкилотининг Нью-Йордаги бош қароргоҳида ўз ишини бошлайди. Бош котиб Пан Ги Мун ва 70- сессия раислигига 2015 йил июнь ойида сайланган австралиялик дипломат Могенс Ликкетофт раҳбарлигида янги бир йиллик Бирлашган миллатлар ташкилоти тарихидаги энг мазмунли йил бўлиши ваъда қилинмоқда.

Расмий очилиши маросими бугун, 15 сентябрь куни маҳаллий вақт билан 15:00, Тошкент вақти билан 21:00да бошланади.

Аввалги 69-сессияда Бош ассамблеяга аъзо 193 давлат вакиллари кўплаб масалаларни муҳокама қилиб, овоз беришлар ва консенсус (умумий келишув) асосида якунда 300дан зиёд резолюция ва қарорлар қабул қилинган эди.

70-сессия кун тартибида тинчлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш, қуролли можароларни бартараф этиш, терроризм, ирқий камситишлар ва ксенофобия (хорижлик ва нотаниш инсонлардан қўрқиш)га барҳам бериш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, мамлакатларнинг барқарор ривожланишида ҳамкорлик қилиш, ядровий қуролларни тарқатмаслик тартибига риоя қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ва қонун устуворлигини таъминлаш сингари 170дан зиёд масалалар ўрин олган.

Шунингдек, Хавфсизлик Кенгашини қайта ташкил этиш билан боғлиқ масала муҳокамаси давом эттирилади. 69-сессиянинг сўнгги кунида Бош ассамблея “Хавфсизлик Кенгашида адолатли вакиллик ва унинг аъзолик таркибини кенгайтириш масаласи бўйича очиқ таркибли ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисида”ги резолюцияни қабул қилган эди.

Навбатдаги йил давомида БМТ бош котиблигига сайлов кампанияси ҳам бошланади. 2007 йилнинг 1 январида мазкур лавозимга киришган Пан Ги Мун ваколати 2016 йилнинг 31 декабрида якунига етади ва у учинчи беш йиллик муддатга ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга эмас. Шу муносабат билан 11 сентябрда Бош ассамблея бош котиб сайловларини янада шаффоф ўтказишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди.

Айни пайтда эҳтимолий номзодлар рўйхатидан ЮНЕСКО ижрочи директори Ирина Бокова, БМТ Тараққиёт дастурининг амалдаги бошқарувчиси Ҳелан Кларк, Чили ва Литва президентлари Мишель Бачелет ва Даля Грибаускайте, шунингдек, Дания собиқ бош вазири Ҳелле Торнинг-Шмидт ўрин эгаллаган.

Анъанага мувофиқ, сессия очилганидан бир ҳафта ўтиб, Бош ассамблея доирасида умумсиёсий муҳокамалар — БМТга аъзо давлатлар вакиллари ҳар қандай саволни бериши мумкин бўлган дебатлар ташкил этилади.

Бироқ бу йил умумий муҳокамалар нисбатан сўнгги босқичларда ўтказилиши белгиланган. Бош ассамблея доирасидаги дастлабки энг йирик тадбир 25-27 сентябрь кунлари тараққиёт масалаларига бағишланган сессия бўлади. Ушбу сессия жараёнида БМТ аъзолари томонидан бир ҳафта муқаддам тақдим этилувчи 2015-2030 йилларда глобал ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кун тартиби лойиҳаси тасдиқланади.

Тараққиёт бўйича саммит якунланганидан сўнг навбатдаги куни БМТга аъзо 150дан зиёд давлат раҳбарлари, ҳукумат етакчилари ва ўнлаб ташқи ишлар вазирлари иштирокида умумсиёсий муҳокамалар бўлиб ўтади. Мамлакатлар делегацияларининг чиқишлари 3 октябрга қадар давом этади.

Маълумот ўрнида, Бош ассамблея – ўзига хос бутунжаҳон парламенти бўлиб, унинг мажлисларида БМТга аъзо бўлган барча мамлакатлар вакиллари қатнашади. Ҳар бир аъзо-мамлакат бир овозга эга. Халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш тавсиялари, янги аъзоларни қабул қилиш ёки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бюджетини тасдиқлаш, шу жумладан, тинчликни сақлаш амалиётларига маблағ ажратиш сингари муҳим масалалар кўпчилик, аниқроғи, учдан икки қисм овоз билан қабул этилади. Ассамблеянинг ҳар йилги навбатдаги сессияси сентябрдан декабрга қадар бўлган муддат давомида ўтказилади. Ассамблея зарурат туғилганда ўз ишини қайта чақирилган сессияда давом эттириши ёки жиддий ташвиш туғдирган масалалар бўйича махсус ёки фавқулодда сессиялар ўтказиши мумкин. Ассамблеялар орасидаги муддат давомида унинг ишлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олтита бош қўмитаси, бошқа органлари ва Котибиятда давом этади.

Top