09:20 / 17.09.2015
6918

Хитойда улкан ер ости океани топилди

Тарим ботиғида тадқиқот олиб бораётган олимлар ер остида ниҳоятда улкан сув захиралари мавжуд эканини аниқлашди.
Хитой ғарбида жойлашган Тарим ботиғида Хитой академияси олимлари иш олиб бораётган эди.

Мазкур ҳудудда дунёдаги энг улкан қумли саҳроларидан бири — Такла-Макон жойлашган. Даставвал олимлар нима сабабдан ушбу қуп-қуруқ маконда катта миқдордаги карбонат кислотаси гази ютилишини аниқламоқчи бўлишди, дея хабар бермоқда Naked Science.

Мазкур ҳодиса одатда ўрмон ёки денгиз бор жойларда кузатилар эди. Кейинроқ маълум бўлишича, саҳро ўз остида улкан океанни яшириб келаётган экан. Таъкидланишича, унинг сув захираси Америкадаги барча буюк кўлларнинг биргаликдаги бисотидан ўн баробар кўпроқ.

Ҳозирча олимлар ер остидаги сувнинг аниқ миқдорини айтишгани йўқ. Бироқ бир нарса аниқ: унинг сувини ниҳоятда шўрлиги сабаб ичиб бўлмайди. Бошқа томондан, ер ости океани ресурсларидан Хитой қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун фойдаланса бўлиши айтилмоқда. Ўз навбатида, янги топилма олимларни чўллар ва уларда содир бўладиган жараёнлар ҳақидаги қарашларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Углеродларни фаол ўзига ютувчи яна бир чўл — Мохаве АҚШда жойлашган. Демак, у ҳам ўз бағрида катта сув захирасини яшириб ётган бўлиши мумкин. Олимлар эса саҳролар ҳам инсонларни атмосферага чиқарилувчи зарарли газлардан океанлар ва ўрмонлар каби сақлаши ҳақидаги ғояни илгари сурмоқда.

Top