15:56 / 22.09.2015
11938

Россиялик миллиардер буюртма қилдирган дунёдаги энг йирик яхта суратлари эълон қилинди

Оммавий ахборот воситаларида “Еврохим” раҳбари Андрей Мельниченко буюртмаси асосида тайёрланган дунёдаги энг йирик елканли “А” (Sailing Yacht A) яхтасининг суратлари эълон қилинди. Кема Германиянинг Киль шаҳридан синов учун сувга туширилди, дея хабар бермоқда РБК.

Кеманинг нархи 260 млн евродан кам эмас. У Nobiskrug кемасозлик компаниясининг Германиядаги верфида қурилди. Синов учун суга туширилган яхта сайри кўплаб гувоҳларнинг эътиборини ўзига тортди.

“А” яхтасининг узунлиги 147 метр, учта елканининг баландлиги эса 91,5 метрни ташкил этади. Бу эса тахминан 30 қаватли уй баландлигига тенг демакдир. Кема сув остидаги ботиб турувчи хоналар билан қўшиб ҳисоблаганда, саккиз қаватдан ташкил топган. Шунча ҳайбатли бўлишига қарамасдан, миллиардернинг яхтаси 20 нафар меҳмон ва 54 нафар экипаж аъзолари учун мўлжалланган холос.

Boat International нашри маълумотларига кўра, ундан кейинги ўринда турувчи энг йирик яхта Sea Cloud бўлиб, 1931 йилда сувга туширилган. Унинг узунлиги 96,35 метрни ташкил этади.

Forbes журнали Мельниченко бойлиги 9,1 млрд доллар эканини маълум қилган. Тадбиркор Сибир кўмир энергетика компанияси, “Еврохим” ва бошқа бир қатор компанияларнинг назорат пакетларига эгалик қилади. Forbes миллиардерларнинг глобал рейтингида Мельниченко 137-ўринни эгаллайди.

Top