09:33 / 23.09.2015
2113

6 йил ичида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми уч марта ошди

Тошкентда Ўзбекистон ва Хитой ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Бизнес-форум Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан ташкил этилди. Бу ҳақда УзА хабар берган.

Унда икки мамлакат вазирлик ва идоралари, машинасозлик, электротехника, нефть-кимё, энергетика, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт ва логистика соҳаларида фаолият кўрсатаётган концерн ва компаниялар вакиллари иштирок этди.

Икки давлат раҳбарлари учрашувлари чоғида эришилган келишувлар ўзаро манфаатли ҳамкорликда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётгани таъкидланди. Шу йилнинг сентябрь ойида Президентимиз Ислом Каримовнинг Хитойга ташрифи икки томонлама муносабатларни мазмунан бойитиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

"Ўзбекистон ва Хитой ўртасида янада қулай ҳамкорлик муносабатлари яратишга амал қилинмоқда. Сўнгги олти йилда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми уч марта ошиб, 2014 йилда бу кўрсаткич 4,7 миллиард АҚШ долларига етди. Жорий йилнинг биринчи ярмида товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,7 фоиз ўсди. Ўзбекистонда Хитой инвестицияси иштирокида ташкил этилган 482 қўшма корхона, 70дан зиёд компания ваколатхонаси фаолият юритмоқда", – дейди Хитой халқаро савдо тараққиётига кўмак бериш кенгаши раиси ўринбосари Лью Пенгчи.

Бугун мамлакатларимиз барча соҳалар, жумладан, юқори технологиялар тармоғи бўйича турли лойиҳаларни амалга оширишда фаол ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу жараёнда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналари муҳим ўрин тутмоқда. Чунончи, “Жиззах” махсус индустриал зонасида хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда мобиль телефонлар, қурилиш материаллари ва талаб юқори бўлган бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётир.

Бизнес-форумда турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга йўналтирилган қатор инвестициявий келишувлар имзоланди.

Top