20:05 / 24.09.2015
11022

Instagram’сиз шаҳзода

Бирлашган Араб Амирликларида иккинчи шахс ҳисобланган, бош вазир ва Дубай амири Муҳаммад ибн Рашид ал-Мактумнинг катта ўғли шайх Рашид ибн Муҳаммад ал-Мактум 34 ёшга киришига бир ярим ой қолганида юрак хуружидан вафот этди. Унинг кичик укаси ҳамда меросхўр Ҳамдан шундай ёзади: “Бугун қадрдон дўстим ва болаликдаги биродарим, акам Рашидни йўқотдим. Ўрнинг бизга билинади”.

Бугун марҳумнинг ҳаётий дунёда ким бўлгани ҳақида сўз юритамиз.

Британча назар

Instagram`даги бор-йўғи икки-уч қатор маълумотлардан ташқари, Рашиднинг ёшлиги ҳақида кўп нарса маълум эмас. Араб амирлари ва уларнинг меросхўрлари ўзларининг ҳаётлари ва бойликларини омма олдида намойиш этишмайди.

Амирнинг катта ўғли Рашид унинг биринчи ва бош хотини Ҳинд бинти Мактумдан дунёга келган.

У ва укаси Ҳамдан миллий қадриятлар асосида тарбияланган. Уларнинг тарбиясида амирнинг иккинчи рафиқаси, Иордания маликаси Ҳайи бинти ал-Ҳуссейннинг ҳам таъсири бўлган.

Дубай меросхўри шайх Рашид номли инглиз тилидан сабоқ берувчи мактабни тамомлади. Ана ундан сўнг отаси уни Буюк Британиядаги Сэндхерст ҳарбий академиясига жўнатади. Ушбу академияда араб шайхларининг фарзандлари ўқиши одат тусига кирганди (Қатарнинг ҳозирги амири, Баҳрайн қироли, Бруней ва Уммон султонлари шу ерда таҳсил олишган).

Меросдан маҳрум қилиниш

Рашид ибн Муҳаммад отасининг ишини давом эттиришга ҳар томонлама тайёргарлик олиб борарди: ҳукуматни бошқариш, иқтисодий маслалар шулар жумласидан эди. Аммо кутилмаганда 2008 йилнинг 1 февралида вазият бирдан ўзгарди. Катта ўғил тахтдан воз кечишини эълон қилди. Амир унинг ўрнига кичик ўғли Ҳамданни меросхўр этиб тайинлади. Энди Ҳамдан амир ўринбосари сифатида фаолият олиб борарди. Иш шу даражага етиб бордики, Рашидга ҳукумат бошқаруви вакиллари орасидан ҳам жой топилмади.

Кутилмаган бу қадамнинг ташланишини шунчаки бир томоша сифатида эътироф этишди. Чунки дипломатлар ва араб-мутахассисларининг қайд этишларича, амирнинг иккинчи ўғли отасининг ёнида доимий бўлар, камералар уни суратга олишар, маҳаллий матбуот эса фақатгина у ҳақда ёзарди. Хўш, шундай экан, катта ўғил Рашиднинг бу қарорига нима сабаб бўлди?

БААдаги АҚШ бош консули Дэвид Вильямснинг “Викиликс” орқали эълон қилинган телеграммаси бу масалага ойдинлик киритди. Манбанинг ошкор этмаган ҳолда маълум қилишича, Рашид сарой хизматчиларидан бирини ўлдириб қўйган. Бу эса, ўз навбатида, амирнинг жаҳлини чиқарган ва у мерос масаласи бўйича қарорини қайта кўриб чиқишига туртки бўлган.

Спорт билан ҳамнафас

Олиб борилган пиар-кампания амирлик ҳамда бутун дунёга ўз самарасини берди, шаҳзода Ҳамдан матбуот суюклисига айланди. Дайвер ва парашютчи, лочин билан ов қилишни ёқтирувчи, қўл остида арслон ва оқ йўлбарслари бор, сноубордчи ва Фазза тахаллуси билан шеър ёзувчи шоир, ажойиб чавандоз, от спорти мусобоқаларининг бир неча карра чемпиони, қимматбаҳо автомобиль ва яхталар соҳиби Ҳамдан ибн Муҳаммад буларнинг барини Instagram`даги ўз саҳифасида мунтазам ёритиб боради. Ҳамдан қўли очиқ инсон сифатида ҳам тилларга тушган. У ногирон ва касал болалар учун кўплаб маблағ ажратади. Шу боис унга “Оловиддин” деб исм қўйишган.

Мана бу фонда Рашид бироз камтарроқ кўринади (шундай бўлиши табиий, чунки Рашиднинг капитали 2 млрд доллардан кам, Ҳамданники эса 18 млрд доллар). Рашиднинг Instagram`да ҳатто саҳифаси ҳам йўқ. Матбуот унга эътибор бермади деб айтиб бўлмайди. 2005 йилдан буён беш йил давомида “20 нафар энг эҳтиросли араб эркаклари” рўйхатига кириб келди. 2010 йилда “Эсквайр” журнали уни “20 нафар шоҳона қонга муносиб шахслар” рўйхатига киритди.

Рашид ибн Муҳаммад тахтдан маҳрум этилгач, бутун эътиборини спортга қаратди. ал-Мактумнинг барча оила аъзолари отларга қизиқади, Рашид ҳам бу муҳаббатдан мосуво эмас. Zabeel Racing International отлар корпорацияси унга тегишли бўлиб, БАА ёки чет элда ўтказилган от мусобоқаларида зафар қучмаган. Унда жами 428 медаль мавжуд. Рашиднинг спорт оламидаги энг юқори кўрсаткичи, 2006 йилда Доҳада ўтказилган Осиё ўйинларида қўйлга киритган иккита олтин медали ҳисобланади. Рашид 2008—2010 йилларда БАА Олимпия қўмитасининг президенти бўлади, аммо ўзининг айтишича, вақти етмаслиги сабаб, бу лавозимдан бўшаб кетади.

Олижаноб оиладаги машмашалар

Араб шайхлари ўз ички масалаларини омма эътиборига тушишини исташмайди, аммо нефть билан боғлиқ ишлар европаликлар диққат марказида туради. Рашид билан ҳам худди шундай бўлди.

2011 йилда британ судига амирнинг Британиядаги саройи хизматчиси Олантунжи Фалейе арз билан мурожаат этди. Унинг айтишича, у ирқий ҳамда диний томондан камситилган: шайх оила аъзолари унга “ал-абд ал-асвад” — “қора қул” деб мурожаат этишиб келган ва уни “аҳмоқона, паст ва жирканч эътиқод” эгаси, яъни насроний деб ҳақорат этишган.

Суд гувоҳ тариқасида сарой хизматчиларидан яна бири — Эжил Муҳаммад Алининг сўзларини эшитиб кўрди. Унинг таъкидлашича, Рашид гиёҳванд бўлиб, яқинда реабилитация курсларидан ўтган.

Аммо бу ва бунга ўхшаш можаролар Дубайдаги қироллик уйининнг нуфузига путур етказа олмайди. У ОАВ ва ижтимоий тармоқлар ортидан миллионлаб доллар олиб келувчи воситага айланиб қоляпти холос. Рашиднинг Facebook`даги саҳифасида маълум бўлишича, унинг вафотидан сўнг, кўпчилик, айниқса, камбағал мамлакатлар аҳолиси бу қайғуни худди ўзлариники сингари қабул қилишган.

XABARDOR.UZ / Сарвар Анвар ўғли тайёрлади.

Top