10:48 / 27.09.2015
3494

АҚШ барча давлатларни Афғонистондаги гиёҳвандлик муаммосига қарши курашда ёрдам беришга чақирди

Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштирилиши ва жаҳон бўйлаб тарқалишини истамайдиган барча давлатлар бу муаммога қарши курашни молиялаштириши керак. Бу ҳақда 26 сентябрь куни ўтказилган матбуот анжумани вақтида АҚШ давлат котибининг биринчи ўринбосари Хизер Хиггинботтом маълум қилди.

Унинг қайд этишича, АҚШ Афғонистон ҳукуматининг гиёҳванд моддалар етиштирилишига қарши кенг кўламли ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда.

"Натижаларга эришиш учун биз кенг равишда ҳамкорлик қилишимиз зарур. Биз барчани бу муаммодан келадиган таҳдиднинг олдини олишда бирлашишга чақирамиз. Бу муаммонинг хавфи терроризм балосидан кам эмас", дейди у.

Хиггинботтомнинг қайд этишича, расмий Вашингтон бошқа давлатлар ҳам бу режанинг бажарилиши йўлида зарур маблағларни ажратиши керак.

Унинг маълум қилишича, АҚШ бу борада Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун ҳозиргача 350 млн доллар сарфлаб бўлди.

Маълум қилинишича, Афғонистон гиёҳвандлик муаммосидан энг кўп жабр кўраётган давлат бўлиб қолмоқда. Айни вақтда 3 млн нафар афғон (мамлакат аҳолисининг 10 фоизи) гиёҳванд модда истеъмол қилади.

"Бу кўрсаткич дунёдаги давлатларнинг ўртача кўрсаткичларидан 2 баробар кўп демакдир", дейди Хизер Хиггинботтом.

Бироз олдинроқ, 17 сентябрь куни БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси йиғилишида ижрочи директор Юрий Федотов бутун дунёда тайёрланаётган опиумларнинг 85 фоизи, героинларнинг эса 77 фоизи Афғонистон ҳиссасига тўғри келишини айтиб ўтганди.

Афғонлар 2014 йилда гиёҳванд моддалар орқали жами 2,84 млрд доллар даромад қилишган. Бу эса мамлакат ЯИМининг 13 фоизига тенг ҳисобланади.

Top