22:21 / 27.09.2015
3190

Курдистон ишчи партияси 75 нафар турк ҳарбийсининг ўлими учун жавобгарликни ўз зиммасига олди

Курдистон ишчи партиясининг (КИП) ҳарбийлаштирилган қаноти 75 нафар турк ҳарбийсининг қотиллиги учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда 27 сентябрда Ироқнинг “Ас-Сумария” телеканали маълум қилди.

КИП жанговор тузилмаларининг расмий вакили Бахтиёр Доган “улар бир неча соат давомида Ироқ чегарасига туташ Ширнак вилоятида Туркия армияси ва полициясига қарши бир нечта операция ўтказган” деб айтди. Доганнинг айтишича, КИП жангарилари “катта миқдорда қурол-аслаҳа ва ўқ-дорилар қўлга киритган”

Туркия Мудофаа вазирлиги вақти-вақти билан Ироқ билан чегараларида КИПга қарши аксилтеррорчилик операцияларида иштирок этган ҳарбийларнинг ўлими ҳақида маълумот беради. Бироқ ҳозиргача бош штаб қисқа вақт давомида турк аскарлари орасида бундай катта миқдорда йўқотишлар ҳақида маълумотлар бермаган.

Июль ойи ўрталарида Туркия армияси курдларга қарши мамлакат ҳудуди ва Ироқ шимолида бир нечта операциялар ўтказган. Бунга жавобан КИП фаол жанговор ҳаракатларни бошлаган ва деярли ҳар куни ҳарбий ва полициячиларга бир нечтадан ҳужум уюштирган.

Top