18:52 / 28.09.2015
4669

Бош ошпаз БМТ Бош Ассамблеясида президентларнинг таомномаси ҳақида сўзлаб берди

БМТ бош ошпази Дэн Лопес БМТ Бош Ассамблеясидаги умумсиёсий муҳокамаларда иштирок этиш учун ташриф буюрган давлат ва ҳукумат раҳбарлари учун ишлаб чиқилган таомноманинг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, анъанага биноан, муҳокамалар бошланишидан аввал ўтказилувчи кечки таомга тайёргарлик кўриш ишлари январь ойидаёқ бошланган. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар маркази хабар қилди.

Лопеснинг сўзларига кўра, бу куни президент ва ҳукумат раҳбарлари учун БМТда мумтоз француз ошхонаси таомлари тақдим этилади. “Биз veal en papillote (пергамент қоғозида пиширилган бузоқ гўшти), chicken mousseline (муслин газламасига ўраб тайёрланган жўжа), фуа-гра тайёрладик. Улар қўй, бузоқ гўштлари, миньон филесини хуш кўришади — ҳар эҳтимолга қарши, бу ерда ишлаётганимга 12 йил тўлган бўлса, мазкур овқатлар таомномада бўлган. Биз шунингдек балиқли ва вегетариан таомлар ҳам тайёрлаймиз”, - деди бош ошпаз.

Унинг айтишича, якуний таомнома июль ойи охирида тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош ассамблеясининг 70-сессияси жаҳон ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида 15 сентябрь куни ўз ишини бошлаган эди. 28 сентябрь куни эса БМТга аъзо барча 193 мамлакат давлат раҳбарлари, ҳукумат етакчилари ва ўнлаб ташқи ишлар вазирлари иштирокида умумсиёсий муҳокамалар бўлиб ўтади. Мамлакатлар делегацияларининг чиқишлари 3 октябрга қадар давом этади.

Top