14:47 / 30.09.2015
2691

2015 йилда олий ўқув юртларини грант асосида битирган 7087 нафар ёш мутахассис мактабларга ишга қабул қилинади

2015 йилда Ўзбекистондаги олий ўқув юртларини давлат гранти асосида тамомлаган 7087 нафар ёш педагог умумтаълим мактабларига ишга қабул қилиниши режалаштирилган. Бу ҳақда 29 сентябрь куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган 1 октябрь – “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами муносабати билан “Таълим ва тарбия уйғунлиги – баркамол авлодни шакллантиришнинг муҳим омили” мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Унда таъкидланганидек, ҳозирги кунда халқ таълими тизимида 383 625 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатмоқда. Таълим самарадорлигини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан педагоглар малакасига катта эътибор қаратилмоқда. Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2006-2007 ўқув йилида 68.5 фоиз ўқитувчилар олий маълумотга эга бўлган бўлса, 2015-2016 ўқув йилида умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларнинг 304 204 нафари яъни 79,5 фоизи олий маълумотга эга.

Top