10:00 / 30.09.2015
2972

АҚШда 19- уринишдан сўнг тиббиёт тарихида илк бор оёқлари фалажланган бемор мустақил қадам ташлай бошлади

Танасининг пастки қисми бир неча йиллар муқаддам йўл-транспорт ҳодисаси туфайли фалажланиб қолган америкалик Адам Фритц ноёб тиббий амалиётдан кейин тўрт метр масофани ҳеч қандай ташқи ёрдамларсиз босиб ўтди, дея хабар берди НТВ телеканали.

Мазкур муваффақиятга юқори технологияли жарроҳлик амалиётида шифокорларнинг бемор оёқларидаги асаб толаларини унинг мияси билан боғлаши натижасида эришилди. Тадқиқот iMove Калифорния университети лабораториясида бўлиб ўтди. Инновацион жарроҳлик амалиётининг моҳияти шикастланган орқа мия қисмини айланиб ўтишга асосланган. Бунда миядан йўналтирилган электр импульслар компьютер орқали тиззалар остига жойлаштирилган электродларга юборилади.

Таъкидлаш жоизки, бунда фақатгина техника ёрдамида муваффақиятга эришилмади: 28 ёшли бемор бир неча ойлар давомида миянинг пастки қисмлар ҳаракатини таъминлашга жавобгар нуқталарини қайта жонлаштириш ва оёқ мушакларини чиниқтиришга қаратилган махсус машғулотларни адо этди. Фақатгина шифокорларнинг 19- уринишидан сўнг бемор қадам ташлай бошлади.

Бу тиббиёт тарихида пастки қисми фалажланган беморнинг роботлаштирилган қурилмалар ёрдамисиз яна қайтадан юра бошлаган илк ҳодиса бўлди.

Top