09:16 / 06.10.2015
3808

Ўзбекистонлик шахматчилар блиц шахмат бўйича Осиё чемпионатида ғолиб бўлишди

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида шахмат бўйича 20 ёшгача бўлганлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилмоқда. Осиё қитъасининг 8 давлати вакиллари иштирок этаётган ушбу нуфузли мусобақада ўзбекистонлик шахматчилар ҳам иштирок этмоқда.

Блиц шахмат баҳсларида Ўзбекистон вакилларидан икки нафари Осиё чемпиони бўлишди. Гулруҳбегим Тоҳиржонова қизлар, Нодирбек Ёқуббоев эса ўғил болалар ўртасидаги блиц баҳсларида Осиё чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди.

Тоҳиржонова 9 имкониятдан 8,5 очко жамғариб, энг яқин таъқибчиси бўлган ҳиндистонлик Ивана Мария Фуртадони 2 очкога ортда қолдирди. Бронза медали хитойлик Лиао Руига насиб этди. Бу ҳақда "Оламспорт.сом" хабар қилган.

Ўғил болалар ўртасидаги блиц баҳсларида муваффақият қозонган Нодирбек Ёқуббоев 9 имкониятдан 8 очко тўплади. Иккинчи ўринни эронлик шахматчи Маъсуд Мосадегпур эгаллаган бўлса, кучли учликка қирғизистонлик Руслан Сежбеков якун ясади.

Top