10:48 / 08.10.2015
11487

Ўзбекистон 2016 йилда белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши мумкин

Ўзбекистонда кейинги йилда белболи кураш бўйича жаҳон чемпионати ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда маҳаллий ОАВларда ёзилмоқда.

Белбоғли кураш спортини ривожлантириш мақсадида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида махсус мактаб ташкил этилган.

"Белбоғли кураш тарихи 5 минг йил олдинга бориб тақалади. Бу спорт ўзида миллий анъана ва белгиларни жамлаган. Юртимизда ҳеч бир байрам кураш беллашувларисиз ўтмайди", дейди Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раҳбари Р. Х. Дастиров.

Айни вақтда бу спорт турига давлат даражасида аҳамият берилмоқда.

Кураш бўйича болалар ва ўсмирлар мактаблари фаолиятига жиддий эътибор қаратилиб, умумтаълим мактаблари, коллежлар ва Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида махсус бўлимлар ташкил этилмоқда.

Қайд этиш керакки, хорижда белбоғли кураш спорти ҳақида 1992 йилда билишган. Ўша йили Канадада дзюдо бўйича жаҳон биринчилиги ўтказилган ва унда ўзбекистонлик курашчилар иштирок этишганди. Шундан сўнг, Ўзбекистон вакиллари Япония, Ҳиндистон, Буюк Британия ва Монакодаги халқаро турнирларда қатнашди.

1998 йилда эса Халқаро кураш федерацияси тузилди ва ушбу федерацияга 30га яқин давлатларнинг федерациялари аъзо бўлишди.

1999 йилда эса Тошкентда кураш бўйича илк жаҳон чемпионати ўтказилди ва бу мусобақада дунёнинг 50га яқин давлатларидан (Австралия, АҚШ, Канада, Боливия, Чили, Парагвай, Германия, Испания, МДҲ мамлакатлари, Болтиқбўйи) келган полвонлар ўзаро беллашишди.

Шу йилнинг июлида Россиянинг Йошкар-Ола шаҳрида белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионати ўтказилди. Унда иштирок этган ўзбекистонлик полвонлар бир қатор ютуқларни қўлга киритишди. Ўзбекистон терма жамоаси таркиби асосан Чирчиқ олимпия захиралари коллежи тарбияланувчилари ҳисобланишади (Ш.Хайруддинов, Б. Гегалиев, Д. Ниёзбоев).

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда кураш спорти ёзги Осиё ўйинлари расмий дастурига киритилганди.

Top