15:20 / 09.10.2015
3457

Ўзбекистонлик шахматчилар шахматнинг рапида йўналиши бўйича Осиё чемпионатида ғолиб бўлишди

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида шахмат бўйича 20 ёшгача бўлганлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилмоқда. Осиё қитъасининг 8 давлати вакиллари иштирок этаётган ушбу нуфузли мусобақада ўзбекистонлик шахматчилар ҳам иштирок этмоқда.

8 октябрь куни шахматнинг рапида йўналиши бўйича ўтказилган мусобақаларда Гулруҳбегим Тоҳиржонова (2115, Фарғона) ва Нодирбек Ёқуббоев (2108, Хоразм) Осиё чемпионатининг олтин медалларини қўлга киритишди.

Ушбу икки спортчи бир неча кун олдин блиц шахмат бўйича ҳам чемпионларга айланишганди.

Хабар қилинишича, ушбу турнир швейцарча тизимда 7 тур давом эттирилди.

Бу галги «Asian Juniors U20 Championship Rapid 2015″ турнирида 8 мамлакатдан 18 иштирокчи қатнашди. Нодирбек Ёқуббоев 4та ғалаба ва 3та дуранг қайд этиб, 5,5 очко тўплаган ҳолда биринчи бўлган. 2 ва 3-ўринлар Редди Чакраварти (Ҳиндистон, 2120) ва Мосадегпур Масуд (Эрон, 2296) томонидан банд этилган. Улар 5 очкодан жамғаришган.

«Asian Girls U20 Championship Rapid 2015″ турнирида эса 8 мамлакатдан 16 нафар шахматчи қиз қатнашган. Гулруҳбегим Тоҳиржонова 5та ғалаба ва 2та дуранг қайд қилиб, 6 очко билан биринчи ўринни эгаллаган. Иккинчи ўриндаги Парнали Дхариа (ҳиндистон, 1866) ундан бир очко кам жамғарган. Учинчи ўринни Қирғизистон вакили Олимбой Кизи Ойжон (1840, 4,5 очко) эгаллаган.

9 октябрь куни стандарт шахмат бўйича мусобақалар ўтказилади.

Қайд этиш керакки, турнирнинг бош ҳаками самарқандлик Абдуваҳоб Воҳидов (ФИДЕ ҳаками) ҳисобланади.

Top