09:35 / 13.10.2015
4051

Япониянинг Окинава префектураси губернатори АҚШ авиабазасини қуришга рухсатни бекор қилди

Япониянинг Окинава префектураси губернатори Такэси Онага Наго шаҳри яқинидаги Хэноко қишлоғида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари учун янги аэродром қурилишига берилган рухсатни расман бекор қилди.

Киодо агентлиги маълумотларига кўра, губернатор ўзининг бу қарори ҳақидаги хабарни Япония Мудофаа вазирлигининг Окинавадаги бўлимига юборган. 

20 йил муқаддам Япония ҳукумати Окинава ороли марказида жойлашган Гиннован шаҳридаги АҚШ ҳарбий базасини ёпишга қарор қилган. Дастлаб базани префектура ташқарисига олиб чиқиш режалаштирилган, бироқ кейинроқ базанинг оролдаги жойлашган ўрнини алмаштириш ва АҚШнинг “Кемп-Шваб” базаси жойлашган Хэнокода янги аэродром қуришга қарор қилинган.

Бироқ Окинава аҳолиси бунга қарши чиқмоқда ва губернатор бир неча йил аввал ўзининг сайловолди кампаниясида ўзидан аввалги губернатор Хирокадзу Накаима томонидан маъқулланган аэродром қурилиши режасининг бекор қилинишига эришишга ваъда берган эди. Япония марказий ҳукуматининг амалдаги губернаторнинг бундай қилмасликка ундашлари муваффақиятсиз якунланди. 

Окинава Япония ҳудудининг бор-йўғи 0,6 фоизини ташкил қилишига қарамасдан, у ерда АҚШ ҳарбий объектларининг 74 фоизи ва Япониядаги АҚШ Қуролли кучларининг ярмидан кўпи жойлашган. 

Префектура маъмурияти маълумотларига кўра, Окинавада 25,8 минг америкалик ҳарбий хизматчи ва уларнинг оилаларининг 19 минг нафар аъзоси жойлашган.

Top