17:48 / 15.10.2015
12231

Шавкат Мирзиёев: бу йил терилган пахтанинг 98 фоизи олий ва биринчи навли

Ўзбекистонда бу йил терилган пахтанинг 98 фоиз — олий ва биринчи навли, деди ўз нутқида Республика бош вазири Шавкат Мирзиёев, XI Халқаро ўзбек пахта ва текстил ярмаркасида.

Бош вазирнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон пахта теримининг йиллик режасини бажарди. Бундай юқори натижаларга яхши об-ҳаво ва ёғингарчилик бўлмаганлиги туфайли эришилди.

Мирзиёевнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда пахта саноати тизимида босқичма-босқич ўзгаришлар киритилмоқда. Нав танлаш ва истиқболли навлар яратиш борасида ҳам чуқур илмий изланишлар олиб борилмоқда. Пахта еткизиб бериш тизимининг самарали ва оптимал йўналишлари яратилиши натижасида ўзбек пахта толаси барча истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб берилмоқда.

Cotton Outlook индексига асосланган очиқ-ойдин нарх белгилаш тизимини қўллаш натижасида, рақобат кучайиб бораётган дунё бозорида, Ўзбекистон пахтаси етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда.

"Ўзбекистоннинг пахтачилик сиёсати, пахтани барқарор миқдорда ишлаб чиқариш ва келажакда унинг сифат ва техник хусусиятларини яхшилашга қаратилган",- деб сўзини якунлади Шавкат Мирзиёев.

Top