14:53 / 16.10.2015
17316

МДҲ давлатларидаги энг антиқа кашфиётлар

Собиқ Иттифоқ давлатларининг олимлари томонидан охирги йилларда тақдим қилинган энг антиқа кашфиётлар рўйхати эълон қилинди.

Авваламбор, яқиндагина, 14 октябрь куни Қозоғистон технологик ривожланиш миллий агентлиги томонидан таклиф қилинган инновацион ўтов ёдга олинди. Ихтирочининг фикрича, бу ғоя ўтовсозликни машинасозлик билан бирлаштириши лозим, негаки унинг оддий ўтовдан асосий фарқи ғилдиракларининг борлигидадир. Қозоғистон машинасозлари иттифоқи раиси Тимурлан Олтоев бошчилигидаги экспертлар комиссияси кўриб чиққан лойиҳа муаллифлари унинг реализациясига 25 млн танга сўрашди. Таъкидланишича, инновацияга трейлерда юришни хуш кўрадиган чет элликлар қизиқиш билдиришмоқда.
Бир йил муқаддам Қозоғистонда “кўнгилочар ўтов” – бир бошпана остидаги ресторан ва этнографик марказни яратиш таклиф қилинган эди. Бундай ўтовда туристлар ҳам қозоқ маданияти билан таништирилиши, ҳам овқатланиши кўзда тутилган эди.

Бу лойиҳаларни тўлдириб турувчи боқша бир ихтирони олим Ўрозбой Нурғожин таклиф қилди. У яратган ускуна суткасига 1 тонна қимиз ишлаб чиқаришга қодир эди.

Қозоғистонлик фазогир Ойдин Айимбетовнинг фазога парвози муносабати билан Қозоғистон озиқ-овқат истеъмоли институти ўзига хос тажриба ўтказишга қарор қилди. У билан биргаликда Халқаро космик станцияга қозоқ миллий таомлари, хусусан, бешбармоқ йўлланди. Бундан кўзланган асосий мақсад таомларнинг вазнсизлик ҳолатида қандай ҳазм қилинишини ўрганиш бўлди.

Беларусда ушбу давлат миллий таомномасида биринчи ўринни тутувчи картошка билан экспериментлар ўтказилди. Ўтган йили ушбу мамлакат генетиклари зараркунандаларга қаршилик кўрсата оладиган картошка навини яратишга киришиб кетишди. Селекционерлар эса рангли картошкалар яратишди. Беларусь картошкашунослик илмий-амалий маркази лабораторияси мудири Виктор Козловнинг сўзларига қараганда, гарчи рангли картошкалар илгари АҚШ ва Россияда яратилган бўлса ҳам, беларус олимларининг кашфиёти хасталиклар ва вирусларга чидамлироқдир.

2013 йилда улардан ортда қолмасликни ният қилган арманистонлик мутахассислар меваларни газда эмас, қуёш энергиясида қуритишни таклиф қилишди. Бу маҳсулот таннархини 20 фоизга туширади.
Тожикистонлик ошпаз Латиф Азизов ош тайёрлаш учун ўзига хос қозон лойиҳасини таклиф қилди. Индукцион қозон очиқ олов манбаларидан фойдаланмайди, аммо паловнинг анъанавий таъмини сақлаб қолиш имкониятини беради.

Украиналик олимлар, ўз навбатида, зарарли оқибатлар келтирмайдиган спирт ишлаб чиқишди. “Укрспирт” корхона мутасаддиларининг эътироф этишича, “Буғдой кўз ёши” деб номланган бу янги маҳсулотда микроқўшилмалар минимум даражада, шу боис у мастликни келтириб чиқармайди, шунингдек, уни истеъмол қилган киши эрталаб ўзини ёмон ҳис қилмайди.

Рўйхатда ўзбекистонлик мутахассисларга ҳам ўрин берилди. Баҳорда Тошкентда бўлиб ўтган кўргазмада пахта терувчи робот тақдим этилди. Айтилишича, у пахтани барглардан ажратиб олади, уни чаноқдан узиб, саватга йўллайди.

Аммо энг даҳшатли кашфиёт Литвада амалга оширилди. 2011 йили дизайнер Юлионас Урбонас эвтаназия учун америка тоғлари лойиҳасини ишлаб чиқди. Ғояга кўра, вагонетка шундай ҳаракат қиладики, унинг ичидаги одамнинг организми дош бера олмайди. Аттракцион мижози азобланмайди ва ҳатто ўлимдан аввал эйфорияни ҳис қилади. Ушбу лойиҳанинг маслаҳатчиси Лондон Империя коллежи маконий дезориентация лабораторияси ходими Майкл Грести бўлган эди. У транспортда вестибуляр аппарат бузилишлари ва бош айланиш муаммоларини ўрганади.

Бундан ташқари, Урбонаснинг ўзи арифмоманьяклар учун махсус лойиҳа ишлаб чиқди. Ҳамма нарсани ҳисобламаса туролмайдиган арифмомания хасталарига кўплаб объектлар таклиф қилиниб, улар ёрдамида хаста чексиз даражада ҳисоблашларни амалга ошириши мумкин бўлади.

Элдор Асанов тайёрлади

Top