08:20 / 24.10.2015
11784

Тошкент метроси лойиҳачилари “енгил метро” лойиҳаси устида иш олиб боришмоқда

Тошкент метросининг Сирғали линияси қурилиши билан “Метролойиҳа” лойиҳалаш институти шуғулланмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Today нашрига “Тошкент метрополитени” ДУК бош муҳандиси Бахтиёр Ғуломов маълум қилди.

“Метронинг 4-линиясини қуриш билан боғлиқ барча масалалар юқори турувчи ташкилотлар томонидан кўриб чиқилади. Чунки метрополитен қурилиши анчагина маблағ талаб қилади, бироқ лойиҳа ишлаб чиқарилиш босқичида турибди. Метрони “Спутник” мавзесигача эстакада йўли билан олиб борилиши режалаштирилмоқда”, деб айтди бош муҳандис.   

2014 йилнинг октябрида Сирғали тумани ҳокими Фурқат Мақсудхўжаев метро қурилиши лойиҳаси “Олмазор” станциясидан Сирғали мавзесигача “енгил метро” тизимидаги тезюрар электр транспорти кўринишида қурилиши фойдасига қайта кўриб чиқилганини маълум қилган эди, чунки муҳандислик-геологик шароитлар сабабли метро қурилиши режалаштирилган аввалги жойда уни қуриш мураккаблик туғдиради. Линия узунлиги 8 км ни ташкил қилади.   

Тошкент метроси йўловчи ташишларнинг хавфсизлиги, қулайлик ва хизмат кўрсатишнинг юқори маданиятини кафолатлаган ҳолда Ўзбекистон транспорт тизимида етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Метро учта линия: Чилонзор, Юнусобод, Ўзбекистон линияларидан ташкил топган бўлиб, умумий узунлиги 39 км ни ташкил қилади. Ер ости транспортидан ҳар куни 160-180 минг йўловчи фойдаланади.

Top