17:32 / 26.10.2015
3159

2015 йилда Ўзбекистондаги медицина саноати корхоналари томонидан 498,3 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди

2015 йилнинг дастлабки 9 ойлигида, Ўзбекистондаги медицина саноати корхоналари томонидан 498,3 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Давлат статистика қўмитаси ахборот хизматининг хабар беришича, бу ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 130,2%ни ташкил қилади.

Ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан тармоқдаги йирик саноат корхоналари томонидан дори воситаларини ишлаб чиқариш ҳажми оширилди. Жумладан, шиша ампулалар – 4,9 мартага, провитаминлар, витаминлар ва уларнинг ҳосилалари – 2,5 мартага, таркибида гормонлар ёки антибиотиклар бўлмаган медикаментлар ишлаб чиқариш – 1,6 мартага ошган. Медицина тармоғида ишлаб чиқариш ҳажми кўпроқ Тошкент шаҳри (тармоқнинг жами ҳажмидаги улуши 56,4%), Тошкент (21,1%), Наманган (7,3%) ва Сирдарё (6,8%) вилоятлари корхоналарига тўғри келади.

Кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг медицина тармоғидаги улуши 65,6%га етди, ўсиш суръати ўтган йилнинг 9 ойлигига нисбатан 156,1%ни ташкил этди.

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда тармоқнинг 252та корхонаси фаолият кўрсатмоқда, улардан 49таси 2015 йилда янги ташкил килинган корхоналар саналишади.

Top